Madaniyat

Киберхужумларни олдини олиш бўйича ҳуқуқий тарғибот ўтказилди

Бугун интернет тармоғининг кенгайиши, электрон давлат хизматларининг жорий этилиши, рақамли иқтисодиётнинг шаклланиши замонавий тараққиётнинг асосий драйверларига айланмоқда. Шу билан бирга, рақамли муҳитда янги хавф-хатарлар ҳам пайдо бўлмоқда.

Киберхужумлар, онлайн фирибгарлик, шахсий маълумотларни ноқонуний тарқатиш, ахборот тизимларига ноқонуний кириш ҳолатлари дунё миқёсида тобора кўпайиб бораётгани бу масалага жиддий ва тизимли ёндашувни талаб этяпти.

Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам айнан кибержиноятчилик ва унинг олдини олиш борасида сўз борди. Унда Вилоят ИИБ киберхавфсизлик бошқармаси ўринбосари подполковник Охунжон Умаров иштирок этди. — Бугунги кунда интернет, мобил иловалар ва онлайн хизматлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.

Банк хизматларидан фойдаланиш, давлат хизматларини олиш, савдо қилиш, мулоқот қилиш ва ҳатто ишлаш жараёнларининг катта қисми рақамли муҳитда амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, кибержиноятчилик ҳам тобора мураккаблашиб, фуқаролар, ташкилотлар ва давлат органлари учун жиддий хавф туғдирмоқда.

Рақамли маълумотлар хавфсизлиги билан боғлиқ хавфларнинг ортиб бориши, давлат ва жамият манфаатлари ҳамда фуқароларнинг шахсий ҳуқуқларига таҳдид солиши – глобал рақамли бошқарув учун янги муаммоларни келтириб чиқармоқда. Мамлакатимизда киберхавфсизликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг киберхавфсизлик стратегиясини белгилаш ва кибержиноятчиликка қарши курашиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони соҳада давлат сиёсатини мутлақо янги босқичга олиб чиққан муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлди,- деди Охунжон Умаров.

Маълумки, ахборот технологиялари жадал ривожланиши билан бирга кибержиноятлар сони ҳам кескин ортиб бормоқда. Хусусан, сунъий интеллект ёрдамида овоз ва қиёфани сохталаштириш ҳолатлари кўпайиб бораётганлиги ҳақида сўз борди. Шунингдек, амалиётда энг кўп тарқалган кибержиноят турлари фишинг (сохта сайтлар ва хабарлар орқали маълумотларни қўлга киритиш), банк карталари реквизитларини ўғирлаш,Телеграм, электрон почта ва ижтимоий тармоқ аккаунтларини бузиш, интернет-дўконлар орқали фирибгарлик,шахсий маълумотларни ноқонуний йиғиш ва тарқатиш, зарарли дастурлар ёрдамида қурилмаларни зарарлантириш,корхона ва ташкилотларга қарши товламачилик мақсадида амалга ошириладиган киберҳужумлар бўйича Вилоят ИИБ киберхавфсизлик бошқармаси ўринбосари подполковник Охунжон Умаров томонидан тўлиқ тушунча берилди.

Йиғилишда кибержиноятларнинг юқори яширинлик даражаси, уларнинг масофадан туриб содир этилиши каби омиллар уларнинг ижтимоий хавфлилигини ошираётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Хавфсиз муҳит” тамойили доирасида нафақат жисмоний, балки рақамли маконда ҳам фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифа экани қайд этилди.

Related Articles

Check Also
Close
Back to top button