Madaniyat

ТИЛНИ АВАЙЛАШ ҚЎЛИМИЗДАН КЕЛМАЯПТИМИ, УНИ ҒАЛИЗ ҚИЛИБ ҚЎЙИШДА ЎЗИМИЗНИ АСРАЙЛИК

Кўчада кетаётиб “Мы открылись”, “Милано”, “Ламоур” сингари “маъно-мантиқсиз” сўзларни ёнидан индамай ўтиб кетмасак, ижтимоий тармоқлардаги ўзига хос “имло” дан воз кечишда намуна бўлсак, тилга нисбатан озгини юракни “қийнаб” турсаккина хатолардан ҳоли бўламиз, назаримда. Хориж ёзувини пештоқига зарҳар харфлар билан ёзиб, илиб озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар билан савдо қилаётган дўкон соҳибига бориб, нега “Вумен” деган пешлавҳа бор пешонангизда дейишни ўзимизга эп кўрмаймиз. Сабаби гапирганимиз билан фойдаси йўқ “Эй менга нима. Айтганим билан ёмон кўриниб қоламан. Ўз билганини қилмайдими” деймизу йўлимизда давом этамиз. Аслида “Women” инглизча сўз бўлиб, унинг таржимаси, аёл дегани деб айтсак, оддийгина қилиб, “Аёллар учун дўкон” деб ёзилиши ҳақида фикр билдирсак, балки, бизнинг бу тарғиботимиз унга маъқул келар.

      Эндигина тадбиркорликни бошламоқчи бўлаётганларга “Фирмангни номи нима дегудек бўлсангиз, ҳеч иккиланмасдан машҳур брендга уйқаш “Солнешко”, “Гранат”, “Мир электроникс” “Cotton Club”, “Мона Лиза”, “Элегант”, номни айтади. Ҳар қадамимизда дуч келаётган “Бээр хауз”, “Синбад”, “Агора”, “Art style” каби номлар билан аталган мажмуа эгасидан қўйган номларини маъносини сўрасангиз елка қисишдан нарига ўтмайди. “Art style” сўзи “санъат услуби”, “Бээр хауз” – пиволар уйи деган маънони англатади. “Агора” – қадимги Грецияда турли йиғилишлар ўтказиладиган жой номидир. Наҳотки, жой номларини аташга ўзида 80 минг сўзни жамлаган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”дан муносибини излашга вақтимиз бўлмаса. Қачон меҳнатимизни янада юқорига олиб чиқадиган, ҳатто хорижлик ҳамкорларнинг эътиборини тортадиган жиҳат унинг номи билан боғлиқ эканини англаб етамиз. Чиройли номни хориж компаниялари ўзбекона талаффуз қилиб, номнинг маъносини сўрашсин, бизнинг тарихимизга, ўзбек тилининг мавқейига, чиройига мафтун бўлишсин. Навоий ардоқлаган, Бобур эъзозлаган тилимизни асраб-авайлаш нафақат унинг бугуни учун, ҳатто фарзандларнинг эртаси учун ибрат, ҳикмат эканини англаш фурсати етди назаримда. Зеро, тилни авайлаш қўлимиздан келмаяптими, уни ғализ қилиб қўйишда ўзимизни асрайлик.

     Аслида тилга бўлган ҳурмат ҳисси қанчалар устун бўлса, уни асраб –авайлашга ҳисса қўшишдаги дахлдорлик ортиб бораверади. Бу ҳис уйғонмаса, Навоий ҳазратлари айтгани каби “Магарки, яхшилик қилиш қўлингдан келмаса, ёмонлик ҳам қилма, шу сенинг яхшилигингдир” деганларига амал қилингани яхши. Ахир тилга ҳурмат ҳисси аввало инсоннинг ўзидан бошланадиган шарафли иш эмасми? Уйда яқинларимиз билан муомала жараёнида ўзимизни ҳурмат қилиб, сўз сўзласак, “Баход”, “Салоҳ”, “Алиш”, “Шоппи”, “Жоха”, “Музап”, “Жаска”, “Саман” – дейишдан ўзимизни тиймас эканмиз, ўзбекони жаранглайдиган номлар маъносиз қолиб кетаверади.

     Инглиз тилида бошқариб борилаётган мусобақада ҳакамлар чиройли талаффуз билан “ҳалол”, “ёнбош”, “кураш” деган соф ўзбек сўзларини айтмоқда. Ҳар эшитганингда бир қалқиб кетасан, киши. Бу миллий ғурур ва миллий онг эмасми, аслида! Ўзбек тили мамлакатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун билан ҳимоя қилинадиган ватан тимсолларидан бирига айланганини ҳис қиладиган вақт келди.

Нигина ШОЕВА

Журналист.

Related Articles

Back to top button