Madaniyat

Расмий муносабат

Кеча, 18 январь куни “Media24.uz” телеграм каналида “Сурхондарё ҳокими кредитни ёптиришга прокурорларни сафарбар қилмоқда” сарлавҳаси остида пост эълон қилинди. Ушбу постда муаммоли кредитларни ундириш бўйича прокурорлар бошчилигида ишчи гуруҳлар тузилгани, амалга оширилаётган ишлар ҳар жума кунлари муҳокама қилиниши белгилангани келтирилган. Пост юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:

Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига асосан банкларнинг барқарор фаолият юритиши, давлат ва тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар ўз вақтида ажратилиши, муаммоли кредитлар улушини камайтириш долзарб вазифа сифатида белгиланган.
Хусусан, 2022 йил 24 октябрь куни “Ҳудудлар ва тармоқларнинг иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича” бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида тижорат банкларининг кредит портфелидаги муаммоли кредитларни кескин камайтириш ва бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Топшириққа биноан давлат улушига эга бўлган банкларда мавжуд муаммоли кредитларни ундириш ишларини жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Бош вазир ўринбосари, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси ҳамда Ҳисоб палатаси раисларининг биргаликдаги қўшма топшириғи қабул қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишларида ҳам муаммоли кредитларни кескин камайтириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилиб, барча тармоқ ва ҳудуд раҳбарларига аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Айни пайтда Сурхондарё вилоятидаги тижорат банкларининг кредит қўйилмалари қолдиғи 15,8 трлн. сўмдан ошган бўлиб, шундан йил бошига муаммоли кредитлар улуши 1,1 трлн. сўмдан ёки 7,2 фоиздан юқорилигича қолмоқда. Бундан ташқари, муддати келаётган ва муаммога айланиш ҳавфи вужудга келаётган яна 2,7 трлн. сўмлик кредит мавжуд бўлиб, бу кўрсаткич республика миқёсида охирги ўринлардан бирини эгалламоқда.

Шуни айтиш керакки, муаммоли кредитларнинг ортиши тижорат банкларининг молиявий барқарорлигига, активлар сифати ва ликвидлигига салбий таъсир этиш билан бирга банкларда иқтисодиётнинг кредитларга бўлган эҳтиёжини қондириш имконияти чекланиши ва тўловлар узлуксизлигини таъминламаслик хатарини оширади.

Шу мақсадда, банкларни соғломлаштириш ва муаммоли кредитларини ундириш бугунги кунда асосий вазифалардан биридир. Қолаверса, ҳар бир олинган кредит қайтарилиши шарт бўлиб, агар у ўз муддатида қайтарилса жисмоний ёки юридик шахснинг аввало ўзига фойда эканини, амалдаги қонунларга кўра, шартнома шартини ўз вақтида бажариш банклар учун ҳам, мижозлар учун ҳам бир хил мажбурият юклашини унутмаслигимиз керак.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Related Articles

Back to top button