Коррупцияга қарши курашиш — қонун устуворлиги ва адолатни таъминлашнинг муҳим шарти

Коррупция ҳар қандай давлатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига тўсқинлик қилувчи, қонун устуворлигига путур етказувчи ва фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини сусайтирувчи хавфли ижтимоий иллатдир. Ушбу иллатга қарши курашиш фақат ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва айбдорларни жазолашдан иборат бўлмасдан, коррупциянинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш, унинг олдини олиш ҳамда жамиятда ҳалоллик ва шаффофлик муҳитини шакллантиришни ҳам тақозо этади.
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Бу борада қонунчилик асослари яратилган, давлат органлари зиммасига аниқ вазифалар юклатилган ва институционал механизмлар шакллантирилган.
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги ЎРҚ-419-сонли «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Мазкур Қонуннинг 3-моддасида коррупция тушунчасига ҳуқуқий таъриф берилган бўлиб, унга кўра, шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши коррупция ҳисобланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги ПФ-6013-сонли ва 2021 йил 6 июлдаги ПФ-6257-сонли фармонлари билан коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш, давлат бошқарувида коррупциявий омилларни камайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат муҳитини шакллантириш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.
2024 йил 5 июндаги ЎРҚ-931-сонли «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳам бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди. У давлат органлари ва ташкилотларида шахсий манфаатдорлик билан хизмат вазифаларининг тўқнашуви натижасида юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий хавфларнинг олдини олишга қаратилган.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, 2025 йил 21 апрелдаги ПФ-71-сонли Президент Фармони билан коррупцияга қарши курашишнинг янги тизимини жорий этиш, парламент, жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтларининг бу борадаги иштирокини кенгайтириш ҳамда давлат органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш вазифалари белгиланди.
Бундан ташқари, 2026 йил 22 июндаги ЎРҚ-1155-сонли Қонун билан коррупцияга оид жиноятлар рўйхати аниқ белгилаб берилди, бундай жиноятларни содир этган шахсларнинг электрон реестрини юритиш ва уларга нисбатан муайян чекловлар қўллаш механизмлари жорий этилди. Мазкур ўзгартишлар коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.
Коррупцияга қарши курашишда суд ҳокимиятининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, суднинг асосий вазифаси қонунийликни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда бузилган ҳуқуқларни тиклашдан иборат.
Судьянинг мустақиллиги, холислиги ва фақат қонунга бўйсуниши одил судловнинг асосий кафолатидир. Суд ишларини кўриш жараёнида ҳар қандай ташқи таъсир, таниш-билишчилик, манфаатдорлик ёки ноқонуний аралашувга йўл қўйилмаслиги лозим.
Коррупцияга қарши курашишда жазонинг муқаррарлиги билан бир қаторда, унинг олдини олиш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳам муҳимдир. Бу борада ҳар бир фуқаро пора бериш ва олишга муросасиз муносабатда бўлиши, ноқонуний манфаат эвазига муаммони ҳал қилиш амалиётидан воз кечиши зарур.
Коррупцияга қарши курашиш биргина давлат органларининг вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулиятидир. Қонунлар ва Президент фармонларида белгиланган вазифаларнинг амалда тўлиқ ижро этилиши ҳар бир раҳбар, мансабдор шахс ва фуқаронинг қонунга ҳурмати ҳамда масъулиятига бевосита боғлиқ.
Зеро, коррупцияга қарши курашиш — бу фақат жиноятга қарши курашиш эмас, балки адолатни ҳимоя қилиш, халқ ишончини мустаҳкамлаш ва келажак авлодга ҳалол жамиятни мерос қолдириш учун курашишдир.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман судининг тергов судьяси
Ш.Қодиров




