Madaniyat

Сойип момо Чориева: невара, чевара, эвара ва дуваранинг қўлидан сув ичиш бахти насиб этди

Президентимизнинг фармонига кўра, мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрами арафасида “Шуҳрат” медали билан тақдирланган юз ёшдан ошган пиру-бадавлат отахон ва онахонлар сафида Сурхондарё вилояти Шеробод туманида яшайдиган Сойип момо Чориева ҳам бор.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов пиру-бадавлат момонинг хонадонида бўлиб, Президентимиз номидан “Шуҳрат” медалини тантанали топширди. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамаот ташкилотларининг эсдалик совғалари берилди.

Тароқли маҳалласида тинч, тўкин умргузаронлик қилаётган С Чориева жорий йилда 106 ёшни қарши олди.

Болалик йиллари очарчилик, ёшлик даври Иккинчи жаҳон урушига тўғри келган Сойип момо ҳаётнинг жиддий синовларини бошдан ўтказди. Билаги кучга тўлган йилларда “Исо Термизий” хўжалигида меҳнат қилиб, пилла парваришлади, пахта етиштирди. Уруш ортида кечаю-кундуз ишлаб, буғдой ўрди, бошоқ терди. Қўй-эчки соғиб, қаймоғу-ёғини жанг майдонларига жўнатди. Ўша оғир, машаққатли йилларни эслаб шундай дейди:

– Эҳҳе, очарчилик ва идиш-товоқ камёблигидан далада меҳнат қилаётганимизда ерни ковлаб, қатиқ тўкиб, исмалоқ қўшиб ер эдик. Исмалоқ, қоқи, туятупан каби ўсимликлар бизнинг энг севимли таомимиз бўлган. Шуларни еб суягимиз қотган. Тори, қўноқ, жухорини майдалаб нон пишириб еганмиз, болаларим. У кунларни биз кўрдик. Илоҳим эндиги авлод бошига бундай кунлар тушмасин. Тўкинлигимиз абадий бўлсин!

Ўта оғир синовли йилларни бошдан ўтказган Сойип момо ҳали бардам, хотираси мустаҳкам. Суҳбатлашсангиз, ҳаётини ипидан-игнасигача бемалол сўзлаб беради. Ҳатто турмуш ўртоғи Райимберди Томатовни урушга қандай ҳолатда, қайси куни олиб кетишгани, қачон урушдан қайтиб келганини ҳам айтиб, у кишининг яхши ҳислатларини ёдга олади.

– Турмуш ўртоғимни 1942 йилнинг 22 июнь куни чашка маҳали буғдой ўраётганимизда ғаллазордан урушга олиб кетишди, – дея эслайди момо. – Биз орқасидан кўзда ёш билан қараб қолганмиз. Ўша куни қўлимиз ишга бормаса-да, ноиложликдан ғалла ўриб, ўзимизни овутганмиз. Ўшанда биз турмуш қурмаган эдик. Шу кетишда 1946 йил 10 ноябрда қишлоққа кириб келди. Уруш тугаганидан сўнг 18 ой Германияда бўлиб, қайтди.

Сойип Чориева билан Райимберди Томатов урушдан сўнг оила қурди. Райим бобо далада ишлади, қишлоқ фуқаролар йиғини раиси бўлди. Сойип момо хўжаликда меҳнат қилишни давом эттирди. Улар 67 йил бирга яшаб, беш фарзандни камолга етказди.

– Раҳматли турмуш ўртоғим ҳалим, ҳалол ва қатъиятли инсон эди, –дейди Сойип момо. – Урушдан кейинги тикланиш йилларида ҳудудни ривожлантиришга, одамларнинг турмуш даражасини яхшилишга муносиб ҳисса қўшди. Тўрт ўғил ва бир қизни тарбияладик. Лекин, уларнинг биронтасига қаттиқ гапирганимиз йўқ. Фақат яхши гап-сўз билан улғайтирдик. Яратганга минг қатла шукрки, фарзандларимиз юрт корига ярайдиган,ҳалол,меҳнаткаш инсонлар бўлиб улғайди.

Айни пайтда момо 26 невара, 54 чевара, 4 эвара ва тўрт дувара қуршовида бахтли ҳаёт кечирмоқда.

–Невара, чевара, эвара ва дуваранинг қўлидан сув ичиш бахти насиб этганидан қувониб яшаяпман,–дейди Сойип момо.– Буни ўша машаққатли йилларда фарзандларимизга тўғри тарбия берганимизнинг меваси, мусталлигимизнинг инояти, деб биламан. Уруш ва ундан кейинги оғир йилларда қанча яқинларимиздан ажрадик. Қийналиб-қийналиб яшасак-да, болаларимиз тарбиясига эътибор бердик. Урушнинг номи ўчсин. Дунёда ҳеч қачон уруш бўлмасин. Мана, мустақиллик бўлиб, ҳаётимиз ўзгарди. Ҳамма жойда тўкинлик. Невара, чевара ва эвараларимнинг юзига қараб, турмушидан мамнунлигини сезаман. Мустақиллик байрамимиз арафасида давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирланганимни эшитиб, кучимга куч–қувват қўшилди. Ўзимни яна ёшаргандек ҳис эта бошладим. Шундай кунларга етказганига шукрона айтиб, дунёга тинчлик тилаб ўтираман. Ёшу-кексага бирдек эътибор қаратаётган Президентимизга ҳар тонг узоқ умр, мамлакатимизга осудалик тилайман. Болаларим, энди менинг қўлимдан келадигани шу-да!

Тароқли маҳалласидаги 510 хонадонда 3 минг 140 дан ортиқ аҳоли яшайди. Маҳалладаги битта мактаб, битта коллежда ёш авлод чуқур таълим-тарбия олиб, камолга етмоқда. 40 га яқин хонадон соҳиблари томарқасида иссиқхона барпо этиб, қишин-ёзин дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлашга муносиб улуш қўшаётир. Чорвачилик, анорчилик ривожланиб, 13 та тадбиркорлик субьекти фаолият юритмоқда. Замонавий лойиҳалар асосидаги намунавий уй-жойлар барпо этилиб, йўл инфратузилмаси яхшиланаётир. Сойип момо Чориева таъбири билан айтганда, буларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва одамлар бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшаши керак, деган эзгу ғоянинг амалдаги ифодасидир.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ

Related Articles

Back to top button