ТАЪЗИЯНОМА
Сурхондарё вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бошқарма раиси Рўзимурот Авазов оғир хасталикдан сўнг 2020 йил 09 июль куни 67 ёшида вафот этди.
Рўзимурот Авазов 1953 йил Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида туғилган. 1975 йилда Тошкент политехника институтини тугатгач, 1981 йилга қадар Шеробод туманидаги қурилиш ташкилотида инженер, бош инженер, иш бошқарувчи, 1981-1984 йилларда Шеробод тумани “Ўрдакчилик” фабрикаси бош муҳандиси, 1984-1986 йилларда Сурхондарё вилояти 7-қурилиш трестига қарашли кўчма механизациялашган қурилиш жамланмаси бошлиғи вазифаларида меҳнат қилган.
1986 йилдан 1992 йилга қадар Шеробод тумани ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари, 1992-1993 йилларда Шеробод тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари, 1993-1996 йилларда Шеробод шаҳар ҳокими, 1996-1998 йилларда Шеробод тумани “Таллашқон” жамоа хўжалиги раиси лавозимларида самарали иш олиб борган.
Р. Авазовнинг маҳалла тизимидаги меҳнат фаолияти 1998 йилда Шеробод туманидаги “Сариқамиш” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси сифатида бошланган. У 1999 йилга қадар мазкур маҳаллада чинакам етакчи сифатида аҳолининг кўплаб муаммоларига ечим топиш, ҳудуддаги масалаларни оқилона ҳал этишда жонбозлик кўрсатди.
Шундан сўнг 2002 йилга қадар Шеробод туманидаги “Нуриддин Муродов” ширкат хўжалиги раиси, 2002-2003 йилларда Музрабод тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари, 2003-2016 йилларда Шеробод тумани ҳокими, 2017-2018 йилларда Шеробод туманидаги “Имом Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий” ёдгорлик мажмуаси директори лавозимларида иш олиб борди.
Р.Авазов 2018 йилда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сурхондарё вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинлангач, маҳаллалар фаолиятини такомиллаштириш, соҳа фаолиятига янги руҳ олиб киришда ўз ҳиссасини қўшди. Тизимдаги ёш кадрлар билан ишлашдаги ўзига хос услуби билан жамоа орасида катта ҳурмат қозонди. Шунингдек, 2020 йилдаги Сурхондарё вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси сифатидаги қисқа муддатлик қизғин фаолияти ҳам эътиборга моликдир.
Халқпарвар, меҳнатсевар, ҳалол ва билимдон инсон сифатида кенг жамоатчиликнинг юксак ҳурматини қозонган ҳамда улар қалбидан муносиб жой олган Рўзимурот Авазовнинг вафоти муносабати билан оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги —
Р.Маматов, Г.Маруфова, Б.Парпиев, С.Турдиев, А.Икрамов