БИР ШАПАЛОҚ БАҲОСИ 7 сутка қамоқ бўлди

Турмуш мушт дейдилар. Ҳаётнинг баъзи йўллари бўлади-ки, унда тушунмовчиликлар, келишмовчиликлар ҳам учрайди. Бироқ оқил кишигина бу йўлларнинг ҳар биридан ўзига равонлик топади. Муаммоларни четлаб ўтади.
Оилавий муносабатлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Эр-хотин ўртасидан гап қочиши, араз ва гиналарнинг учраши ҳаётий ҳақиқат аслида. Аммо бундай масалалар кўп ҳолларда эр-хотин ўртасидаги меҳрни ошириб, оила қўрғонининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. Қачонки, томонларнинг бирида адолатсизлик кучлилик қилса, жаҳл келганида зўравонликка йўл очса, албатта, кимдир бундан азият чекади.
Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани “Оби” маҳалласида яшовчи Хуршид Турдиев (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) оиласидаги келишмовчиликлар доим зўравонлик билан якун топарди. Хуршид оила бошлиғи деганда қамчисидан қон томадиган кимсани тушунар, салга хотинига қўл кўтариб уни азоблашни канда қилмасди.
Не-не орзу умидлар билан турмушга чиққан Зулайҳо аввалига эрининг ҳаракатларини турмушнинг муштига йўйди. Аммо Хуршид арзимаган баҳона билан уни ҳақоратлаб, уришни канда қилмасди. Болалар туғилгач ҳам ўрталаридаги меҳр мустаҳкамланиши ўрнига баттар ёмонлашарди. Сабр косаси тўлиб бораётган аёл эса эрининг қуюлиб қолишидан умидини узмасди.
Ўша куни ҳам эр-хотин ўртасида гап қочди. Хуршид одатига кўра аввалига хотинини обдон ҳақоратлади. Бунга ҳам қоноат қилмас, уни калтаклади. Зулайҳо эрининг бу ситамларига ортиқ бардош бера олмаслигини тушуниб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди. Шундан сўнг унга нисбатан маъмурий иш очилиб, иш судга қадар етиб борди.
Жиноят ишлари бўйича Бойсун тумани судида мазкур иш муҳокама қилинаркан, Хуршид жаҳл устида хотини бир шапалоқ урганини айтиб, суддан ўзига нисбатан қонуний енгиллик сўради. Хотинидан ҳам кечирим сўради. Лекин судда жабрланувчи сифатида иштирок этган Зулайҳо уни кечирмади. Эрига нисбатан қонуний жазо берилишини сўради.
Тўпланган ҳужжатлар Хуршиднинг қилмишларини тўлиғича исботлаб турарди. Шунга асосан суд унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади. Албатта бу вақт Хуршид учун зўравонликнинг оқибатларини, эрлик масъулияти тазйиқлардан иборат эмаслигини тушуниши учун етарли бўлса ажаб эмас. Зеро бугун мамлакатимизга хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларга қарши қатъий жавобгарликлар белгиланган бўлиб, кейинги жараёнларда оғирроқ жазолар қўлланиши ҳам айни ҳақиқатдир.
Жиноят ишлари бўйича
Бойсун тумани суди тергов судьяси
Низом МАҲМУДОВ




