Эҳтиёт бўлинг, фирибгарлар кўпаймоқда!

Мамлакатимизда кейинги вақтларда фирибгарлик жиноятлари сони кўпайиб бораётганлиги ташвишланарли ҳол ҳисобланади. Айниқса, ахборот коммуникация технологиялари ривожланиб бораётганлиги, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан ҳамда электрон тўлов тизимларидан фойдаланувчилар сони кўпайиб бораётганлиги ўз навбатида ушбу соҳаларда фирибгарлик жиноятлари сони ошишига олиб келмоқда.
Фирибгарлик алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилади. Фирибгарликда алдаш деганда, айбдор томонидан, била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулкдор, мулкнинг бошқа эгасига маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёхуд бундай шахсларни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилади. Фирибгарликда ёлғон маълумотларга жабрланувчини янглиштиришга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатлар, жумладан, юридик факт ва воқеалар, мулкнинг сифати, нархи, айбдорнинг шахси, унинг ваколати, нияти (масалан, айбдор шахс ўзини мансабдор шахс ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида кўрсатиши) тааллуқли бўлиши мумкин. Фирибгарликда жабрланувчини янглиштиришга қаратилган қасддан содир этиладиган ҳаракатлар жумласига, масалан, битим ёки тўлов предметини сохталаштириш, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ўйнаш чоғида алдов усулларини қўллаш ва бошқалар киради.
Фирибгар шахси шундай бўладики, у ҳар қандай инсонни ўзига ишонтира олади. Моддий маблағни эгаллаш йўлидаги бирламчи хусусиятлардан бири — ўзига ишонтира олиш бўлиб, бунинг учун кўпинча уларда соҳа бўйича етарли билим, охирги маълумотлар мавжуд бўлади. Бу шахс ишонтириш учун сиз бунинг ортидан катта маблағга ёки бирор фойдага эга бўлишингизни айтади.
Хоҳлаймизми йўқми ҳар қандай одам осон пул топиш ёки бирор нарсага осон эришиш йўлларига қизиқади. Улар шу нозик нуқтани яхши билишгани сабабли қандай ҳаракат қилиш кераклигини билади. Қўлингиздаги пулни олиб бир ой савдода айлантириб, 10 миллион сўм пулингизни 20 миллион сўм қилиб бераман деб ваъдалар беришади. Энг авж олаётган фирибгарлик турларидан бири автомашина олиб бериш ниқоби остида бир неча содда одамларни алдаган фирибгарлар сони ортмоқда.
2026 йил апрел ойида Х.Б ва .Х.О.лар тил бириктириб фуқароларга Cobalt енгил автомашинасини ютиб олиши мумкинлиги айтиб уларнинг ҳар бирига 10 донадан лотерия билетларини 45000 сўмдан сотиб, фуқароларнинг пулларини ўзларининг банк пластик картасига ўтказиб олиб ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишган.
Жиноят содир этган Х.Б ва .Х.О.лар қилмишларига яраша жазосини олдилар.
Ҳар ким унутмаслик керакки, агар сизга кимдир айтилган нархдан арзонроқ уй олиб бераман деса, шубҳали шартлардаги лизинг шартномаси таклиф этса, хорижга ўқишга ёки ишга жўнатишнинг ўзгача усулларини билишини айтса, унга дарров маблағ беришдан олдин ҳолатни бир ақл тарозисига солиб кўринг. Ҳар қандай шахс қўлингиздаги қимматликка кўз тикаётган бўлиши мумкин. Фирибгарларга эса айтадиган сўзимиз шуки, ҳар қандай қилган фириб ишларингиз учун қонун олдида ва охиратда бериладиган жазо муқаррардир.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман суди раиси
Т.Тилавов




