Hodisalar

СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИДАГИ ЭПИДЕМИОЛОГИК ВАЗИЯТГА ОИД РАСМИЙ БАЁНОТ

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 9 июнь кунига қадар Сурхондарё вилоятида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор бўлиб, ушбу касалликка чалинган фуқароларимизнинг барчаси соғайиб уйларига қайтган эди.

Кеча, 14 июнь куни вилоятда янги касалланиш ҳолатлари қайд этилди, аҳоли орасидан 9 нафар коронавирусга чалинган бемор аниқланди. Айни пайтда барча беморлар Термиз шаҳридаги вилоят юқумли касалликлар шифохонасида тегишли муолажаларни олмоқда. Даволаш ишлари белгиланган стандартлар ва видеоконсилиумлар асосида малакали шифокорлар томонидан олиб борилаётир.

Касаллик аниқланганларнинг барчаси вилоятимиздан бўлиб, уларнинг 1 нафари оғир, 4 нафари ўрта оғир, қолганлари нисбатан қониқарли аҳволда.

Ҳозирги кунда вилоятда 3254 нафар фуқаро карантинга олинган. Уларнинг 278 нафари тиббиёт муассасаларида, 594 нафари сиҳатгоҳ ва махсус биноларда, 2382 нафари эса ўз уйларида кузатувда бўлиб турибди.

Вилоятда эпидемиологик суриштирув ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини олиш учун кучайтирилган тартибда зарур профилактик чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Вилоятга кириб чиқиладиган “Дарбанд” йўл-патрул пости ҳамда Термиз шаҳри, Музработ, Термиз, Шўрчи, Бойсун, Қумқўрғон ва Жарқўрғон туманларида қатъий карантин талаблари жорий этилган.

Азиз сурхондарёликлар!

Вилоятимиздаги ҳозирги эпидемиологик вазиятда барчамиз коронавирусга қарши кураш олиб бориб, карантин қоидалари ва санитария чекловларига қатъий риоя қилиш ҳамда воҳадошларимизнинг саломатлигини асрашни асосий вазифамиз, деб билишимиз зарур.

Ҳар биримиз зиммамиздаги вазифаларга янада масъулият билан ёндашиб, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилишимиз, энг бебаҳо неъмат бўлган сиҳат-саломатликни асраш ва ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни амалга оширишимиз шарт.

Сизларни яна бир бор кучайтирилган карантин даврида тартиб-интизом ва амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга ҳамда зарурат бўлмаса, уйда қолишга чақирамиз!

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Related Articles

Check Also
Close
Back to top button