БИЗНИНГ НИЯТИМИЗ БИТТА, У ҲАМ БЎЛСА ЭРТАЛАБ УЙИДАН ЧИҚҚАН ҲАР БИР ИНСОН СОҒ-САЛОМАТ ОИЛАСИ БАҒРИГА ҚАЙТИШИДИР!
Шўрчи тумани марказидаги Мустақиллик ва А.Темур кўчалари кесишган чорраҳа жуда гавжум бўлиб, пиёдалар ва автотранспорт воситалари ҳаракатларида тез-тез қонун бузилиш ҳолатлари рўй бериб туради. Эрталабдан кечгача йўлнинг шу қисмида пиёдалар серқатнов бўлишининг сабаби шу яқин жойда жойлашган Деҳқон бозори, Гипермаркет, автошоҳбекат, ҳамда турли савдо дўконларига ташриф буюрувчиларнинг сонининг юқорилигидир.
Айнан Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Шимолий минтақа йўл патрул хизмати ходимлари автойўлнинг шу қисмидаги йўл ҳаракати қатнашчиларининг хавфсиз ҳаракатланишини назорат қиладилар.
-Кўриб турганингдек, йўлда ҳаракатланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлашда барча эҳтиёт чоралар кўрилган- М-41 йўлини пиёдалар томонидан турли жойларидан кесиб ўтишни чеклаш мақсадида махсус панжара билан тўсилган, ҳаракатланиш қисмининг ҳар бир тарафи уч полосада ҳаракатланиш учун тўлиқ таъмирланиб кенгайтирилган, пиёдалар ва велосипед ҳайдовчилари учун махсус йўлаклар қурилган, йўлнинг ҳаракатланиш қисмини ўртаси махсус тўсиқ билан иккига ажратилган, замонавий йўл белгилари билан таъминланган, эски светофор янги диодли светофорлар билан алмаштирилган, ҳамда туну-кун ишлайдиган кузатув камералари билан жиҳозланган.
Барибир, онда-сонда бўлса-да ҳайдовчилар томонидан ҳам, йўловчилар томонидан ҳам йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳоллари учраб туради. Улар ўзларининг хатти-ҳаракатлари билан нафақат ўзларининг, балки бошқа ҳаракат қатнашчиларининг ҳаётини ҳам хавф остига қолдирадилар. Биз кўпинча уларга содир этган ҳуқуқбузарликларини тегишли тартибда тушунтириб огоҳлантириш билан чекланамиз. Афсуски, шундай ҳайдовчилар борки, уларга содир этган ҳуқуқбузарликлари тушунтирилиб, белгиланган тартибда маъмурий баённома тузиш жараёнида қўлларига телефон аппаратларини билан ЙПХ ходимларини суратга олиб, ижтимоий тармоқларга чиқариш билан таҳдид қилмоқчи бўладилар. Улар шу йўл билан содир этган ҳуқуқбузарликлари учун тайинланадиган жазодан қутулиб қолмоқчи бўладилар.
Биз қўлимиздан келганча ҳар бир ҳаракат қатнашчиларига ёрдам беришга тайёрмиз. Бизнинг ниятимиз битта, у ҳам бўлса эрталаб уйидан чиққан ҳар бир инсон соғ-саломат оиласи бағрига қайтишидир!-деди биз билан суҳбатда Шимолий минтақа йўл патрул катта инспектори Музаффар Нодиров.
Биз ЙПХ ходимлари билан хайрлашар эканмиз, уларнинг шарафли ва машаққатли меҳнатига муваффақият тилаб қоламиз, халқимизнинг хавфсизлиги йўлидаги зафарли меҳнатларини учун уларга таҳририятимиз ходимлари номидан ташаккур билдирамиз.
Н.Шарипов