Kasbim-faxrim

«АҚЛЛИ» ҲИСОБЛАГИЧНИНГ АФЗАЛЛИГИ НИМАДА?

Бугунги кунда “Hududgazta‘minot” АЖ томонидан Республикамизнинг барча ҳудудларида “ақлли” ҳисоблагичларни босқичма-босқич ўрнатиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бу каби ишларнинг олиб борилиши Сурхондарё вилоятида ҳам самарали йўлга қўйилган. “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали томонидан аҳоли хонадонларига мазкур ҳисоблагичларнинг ўрнатилишида барча куч ва воситалар жалб қилинган.

2020-2021 йилларда жами 107 833 дона электрон газ ҳисоблагичлари ўрнатиш белгиланиб, ҳозирда жами 56 772 дона (53%) электрон газ ҳисоблаш ускуналари (ЭГҲУ), 23 858 дона ҳимоя қутилари ва  9530 дона газ босими ростлагич (регулятор)лари етказиб берилди.

“Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали тасарруфидаги 16 та туман ва шаҳар газ таъминоти бўлимлари томонидан шу йилнинг 23 июль ҳолатига 56 772 дона “ақлли” газ ҳисоблагич аҳоли хонадонларига ўрнатилди, 54 680 дона газ ҳисоблагич кўрсаткичлари онлайн “Биллинггаз” дастурига уланди. Шу йилнинг 1 декабрь кунига қадар 51 061 дона газ ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, берилган топшириқлар ижросини тезкорлик билан амалга ошириш ва истеьмолчиларни замонавий электрон газ ҳисоблагичлари билан кенг қамровли таъминлаш мақсадида, “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиалига 115 нафар малакали пайвандчи ва чилангарлар шартнома асосида ишга қабул қилинди. Бу ҳам ўз навбатида, 115 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаб, ишлар самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатади.

“Ақлли” ҳисоблагич ўрнатилса, ортиқса сарф ёки қаздорлик бўлмайди сабаби, ҳисоблагичда алоҳида сим-карта ўрнатилган бўлиб, истеъмолчи ҳисоб рақамида тўлов маблағи кам қолганда унинг телефонига огоҳлантирувчи СМС-хабар келади. Тўлов амалга оширилмагач, тизим автомат тарзда ўчади. Яна бир афзаллиги, фақат иш кунлари тизим ўчирилади, ҳароратга қараб газ ўтказади, саккиз йилда бир марта қиёслов кўригидан ўтказилади.

Муҳими, маълумотлар 90 кун мобайнида сақланади, электрон тизим бўлгани боис, фойдаланилган газ ҳисобини ортга қайтариб бўлмайди, мабодо қурилмага тегинилса, таъминот автомат равишда ўчирилади. Бу ўз-ўзидан табиий газдан ўғринча фойдаланишга йўл қўймайди.

Ҳисоблагични хавфсиз сақлаш учун алоҳида қути ҳам ўрнатиляпти. “Биллинггаз” тизимига киритилган барча истеъмолчиларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган газ ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Дарвоқе, тармоққа янгитдан уланувчи истеъмолчилар газ ҳисоблагични ўз маблағига, яъни қурилманинг газ ўтказиш ҳажмига қараб 1,2 миллион сўмдан 1,7 миллион сўмгача сотиб олишлари мумкин.

Муҳими, ўрнатилаётган қурилма истеъмолчилар сарсонгарчилигининг олдини олади. Яъни, фойдаланилган газ тўловини амалга ошириш учун газ идорасига боришга ҳожат йўқ. Электрон тўлов иловалар орқали маблағни уйда туриб ўз ҳисоб рақамига ўтказиш мумкин.

Бепул ўрнатилаётган электрон газ ҳисоблагичлар шу йилнинг якунига қадар барча шаҳар ва туманларда яшовчи аҳоли хонадонларига ўрнатилиши белгиланган.

“Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали матбуот хизмати

Related Articles

Back to top button