ЁШЛАР ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТИНИ ЮКСАЛТИРИШ ҲУҚУҚИЙ ДАВЛАТ ГАРОВИ

Ҳуқуқий маданият фуқаролик жамияти маънавий камолотининг, давлатчилик тараққиёти ва ҳуқуқий тизим етуклигининг муҳим кўрсаткичидир.
Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси томонидан 1997 йил 29 августда қабул қилинган «Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури» ва бошқа бир қанча ҳуқуқий ҳужжатлар жамиятда ёшлар ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир аниқ чора-тадбирларни белгилаб берувчи муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди. «Жамият ва давлат тараққиётининг ҳозирги ҳолати ҳуқуқий муносабатлар барча иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини, ҳуқуқий саводхонлигини ҳар томонлама оширишни талаб қилмоқда… Ҳуқуқий маданиятнинг моҳияти, мазмуни, таркибий тузилиши ва намоён бўлишининг фалсафий, ижтимоий, иқтисодий, психологик ва юридик муаммоларини тадқиқ этиш, уни шакллантириш ва янада юксалтириш усулларини аниқлашга илмий изланишларнинг устувор йўналишлари деб қаралмоғи лозим», дейилади Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурида.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ёшларнинг ҳуқуқий таълимини такомиллаштиришнинг комплекс дастури тўғрисида»ги 1994 йил 13 июнда қабул қилинган қарорида ёшлар ҳуқуқий маданиятини ҳамда ҳуқуқий саводхонлигини ошириш фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат барпо этишнинг зарурий шарти, муҳим омили эканлиги таъкидланган. Қарорда мамлакатда ёшларга ҳуқуқий таълим беришнинг мукаммал тизимини вужудга келтириш масаласи кун тартибига қўйилган.
Шу ўринда шахснинг юксак ҳуқуқий маданият соҳиби бўлишидан жамият ва давлатга қандай наф бор? деган савол туғилади.
Биринчидан, юксак ҳуқуқий маданиятли инсон ўз ҳуқуқларидан фойдалана олиш малакасига эга бўлади. Инсонларнинг қонунларга бўлган ҳурмати ортади.
Иккинчидан, ҳуқуқий маданият давлат органлари ўзбошимчалигининг олдини олиш ва уни чеклашнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади, энг муҳими, шахс ушбу билимларга эга бўлиб, ҳуқуқий сиёсий маконда тўғри йўналиш ола билади. Давлатнинг жамиятни идора қилиш, назорат этиш доираси борган сайин торайиб боради. Бу эса ҳуқуқий муносабатларнинг барқарорлигини, пировардида жамият барқарорлигини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади. Одамларнинг онги, маънавий савияси, ҳуқуқий маданияти юксалиб бориши билан уларнинг ўз бурчини қонунга биноан бажариши ва, умуман, жамиятимизда қонун ҳукмронлик қилиши учун кўпроқ асос ва замин пайдо бўлади ва ҳаётимизда назорат қилиш зарурияти тобора камайиб боради.
Ўзбекистонда ёшлар ҳуқуқий маданиятини шакллантириш жараёнида қуйидаги ҳолатларга жиддий эътибор қаратиш лозим:
биринчидан, ёшларда ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантириш учун уларга боғча, мактаб чоғларидан бошлаб ҳуқуқий таълим бериш сифатини янада яхшилаш. Турли интерфаол усуллар орқали уларда ҳуқуқий билимларни шакллантиришга жиддий урғу бериш лозим;
иккинчидан, шаклланаётган ҳуқуқий маданият миллий қонун чилигимизнинг илғор принципларини ўзида жо этган бўлиши лозим. Яъни қонун устуворлиги, қонунийлик, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, барчанинг қонун олдида тенглиги принциплари инсон, жамият ҳуқуқий маданиятининг моҳиятини белгиловчи омилларга айланиши керак;
учинчидан, ҳуқуқий маданиятни шакллантириш фаолияти билан шуғулланувчи тегишли давлат органлари ва, умуман, ушбу мақсадга қаратилган давлат фаолияти ҳуқуқий амалиётнинг мавжуд ҳолатидан келиб чиқиб олиб борилиши лозим. Гап бу ерда назариётчи олимлар, қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг қоидалари билан мавжуд воқелик ўртасида тафовут бўлмаслиги ҳақида бормоқда;
тўртинчидан, ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда инсон ҳуқуқлари ва қонуний эркинликларини таъминлашда демократик институтларнинг, одил судлов ролининг аҳамияти масалалари кенг тарғиб қилиниши ва эътироф этилиши, давлатнинг бош ислоҳотчи ва бош масъул ёки ҳимоячилигига алоҳида эътибор берилиши лозим.
Ўзбекистонда олиб борилаётган умумий ислоҳотларнинг якуний мақсади демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишдир. Ушбу ҳолат оддий фуқаролар ва мансабдор шахслардан, тегишли давлат органлари фаолиятида янгича мазмун касб этувчи қарашлар ва хулқ-атвор шакллантиришни тақозо этади. Бунда эса алоҳида олинган шахсларнинг ўзлигини англаш жараёни муҳим.
Ҳолбуки, ижтимоий муносабатларнинг барча соҳаларида инсон омили марказий ўрин тутади. «Биз ўз ҳақ-ҳуқуқларини танийдиган, ўз кучи ва имкониятларига таянадиган, атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга мустақил муносабат билан ёндашадиган, айни замонда шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган эркин, ҳар жиҳатдан баркамол инсонларни тарбиялашимиз керак»1. Шундай экан, биринчи навбатда, инсоннинг ўзлигини англашини таъминлаш мафкура ва маънавият соҳасидаги ишларимизнинг асосий мазмунига айланиши керак.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман судининг тергов судьяси:
Ш.Қодиров



