Kasbim-faxrim

Никоҳ шартномаси ҳақида нималарни биласиз?

Оила кодексининг 29-моддасига мувофиқ эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) ажрашган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи нотариал тасдиқланган келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади. Унинг амал қилиши фақат никоҳ ФҲДЁ органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин бошланади.

Мазкур кодекснинг 30-моддасида никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкинлиги, никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга кириши шунингдек, никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Никоҳ шартномасида барча мол-мулкка, унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиннинг ўз мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатиш мумкин. Яъни улар никоҳ даврида қўлга киритган мол-мулклар тенг икки қисмга бўлинмайди. Эр ва хотиннинг ҳар бирига мол-мулкнинг шартнома билан белгиланган қисмигина тегишли бўлади.

Масалан, никоҳ шартномаси тузилмаган ҳолатда эр-хотин биргаликдаги пулга квартира сотиб олган бўлишса, ажрашишда квартира тенг иккига бўлинади.

Агар никоҳ шартномаси тузилган бўлса, ажрашиш ва биргаликда йиғилган мол-мулкни бўлишда судья унинг қоидаларига таянади. Шартномада эр-хотиннинг келишувига қараб квартира ажрашилгандан кейин эр ёки хотиннинг мулкига ўтади ёки умуман сотилиши керак деб қайд этилиши мумкин.

Никоҳ шартномаси мавжуд ёки бўлғуси мол-мулкка нисбатан ҳам, тузилиши мумкин. Никоҳ шартномасининг предмети кўчмас мулк, машиналар, пул маблағлари ва бошқа мол-мулк бўлиши мумкин.

Никоҳ шартномасида турли маиший шартлар (оилада эр ёки хотин бажариши лозим бўлган юмушлар), бошқа шахсий мажбуриятлар (масалан алимент), назарда тутилиши мумкин эмас.

Мазкур кодекснинг 31-моддаси бешинчи қисмида никоҳ шартномаси эр-хотиннинг ҳуқуқ лаёқати ёки муомала лаёқатини, уларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини чеклашни, эр-хотин ўртасидаги шахсий номулкий муносабатларни, эр-хотиннинг болаларга нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солишни, меҳнатга лаёқатсиз таъминот олишга муҳтож эр ёки хотиннинг ҳуқуқини чекловчи қоидаларни, эр ва хотиндан бирини ўта ноқулай ҳолатга солиб қўювчи ёхуд оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг нормаларига зид келувчи бошқа шартларни назарда тута олмаслиги белгилаб қўйилган.

Н.Тилавов

Термиз шаҳар “МАДАД”  маслаҳат бюроси бош мутахассиси 

Related Articles

Back to top button