Madaniyat

ОИЛА МУСТАҲКАМ — ЖАМИЯТ БАРҚАРОР

Бугунги кунда давлатимизда оила мустаҳкамлиги таъминлашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар изчил амалга оширилиб, хусусан, Юртбошимиз томонидан оила фаровонлиги, ёш оилаларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш масалаларига катта эътибор қаратиб келинмоқда. Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида тинч-тотув яшаётган, юртимиз ривожига камарбаста бўлаётган фарзандлар камол топаётган мустаҳкам оилалар жамият барқарорлиги таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Оила — ҳаётнинг абадийлиги, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган тарбия ўчоғидир.

Оила – мураккаб ижтимоий-маданий ҳодиса ҳисобланиб, ижтимоий ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини, тарбиянинг узлуксизлигини таъминлайдиган, келажак авлод, қадриятлар тизимига ўз таъсирини кўрсатадиган ижтимоий макондир.

Оила ҳақида кўплаб таърифлар келтириш мумкин, бироқ шунга қарамасдан ҳаётда оилани қадрламайдиган, унинг моҳиятини англаб етмайдиган, оқибатда ажрашишларга баҳона излаётган шахслар ҳам жамиятда йўқ эмас. Бунда оилавий низоларни келтириб чиқарадиган омилларга эътибор қаратадиган бўлсак, одатда, ёш оилаларда келин иш қилишни билмайди, қайнонасининг хизматини қилмайди, қайнсинглисига меҳрибонлик кўрсатмайди қабилидаги баҳоналар билан бегона оилада ҳаёт кечираётган келинга таъсир ўтказилади. Энг ачинарлиси, баъзи оилаларда келинга хизматкор сифатида қаралиши эса оилани дарз кетишига сабабчи бўлишлари мумкин.

Оила бузилишига сабаб бўлувчи омиллардан яна бири турмуш қураётган ёшларнинг ижтимоий-маънавий жиҳатдан эр-хотинлик риштасини боғлашга тайёр эмаслигидир. Оила қураётган ёшлар катталарнинг маслаҳатига, тўғри йўл кўрсатишига муҳтож. Айниқса, йигитлар соғлом, оиланинг моддий таъминотига қодир бўлгандагина уйланишсагина, қизлар эса оила қуриш бу мураккаб ижтимоий вазифа эканини англаб етишса ва тушунишсагина мустаҳкам оила барпо бўлади.

Ҳаммамизга маълумки, юртимизда оилага дахлдор ҳуқуқий муаммоларни ҳал этишга ваколатли идоралардан бири фуқаролик ишлари бўйича судлари саналади. Судлар оилавий низоларни ҳал қилишда ҳар бир вазиятни чуқур ўрганади, ота-оналар ўртасида муаммони муҳокама қилади, ўзини ўзи бошқарув идоралари билан ҳамкорликда масала ечимини топишга ҳаракат қилади. Муқаддас деб таъриф берилаётган оилани сақлаб қолиш ва уни мустаҳкамлаш жамият барқарорлигини таъминлашнинг энг асосий омили ҳисобланади. Зеро, оилага ҳар жиҳатдан эътибор қаратилаётган давлатимизда оила мустаҳкамлигини асраш бўйича қилинадиган ҳар қандай эзгу ташаббуслар оила мустаҳкамлиги ва жамият барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Фуқаролик ишлари бўйича

Денов туманлараро суди судья ёрдамчиси Узоқов Азамат Даминович

 

 

Related Articles

Back to top button