ДХХ аукционсиз ер олиб бермоқчи бўлган шахсларни қўлга олди
Ўхшаш сурат
Сурхондарёлик фуқаро У.Э. “Беҳруз БББ” хусусий корхонаси раҳбари Б.Б.га Шўрчи тумани ҳокимиятидаги танишлари орқали “Ёшлар” кичик саноат зонаси ҳудудидан 0,05 гектар ер майдонини аукцион савдоларисиз олиб бериш эвазига 1,2 минг доллар сўраган.
Айтилган пулдан 500 долларини олаётган вақтда эса ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси, Шўрчи тумани прокуратураси ва департаменти билан биргаликда ўтказилган тезкор тадбир давомида жиноят устида қўлга олинди.
Шўрчи туманидаги “Жойилма” маҳалласида яшовчи У.Э.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда туман прокуратураси қошидаги департамент томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси департаментнинг Бандихон тумани бўлими билан биргаликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Жарқўрғон тумани ҳокимияти захирасидаги 0,15 гектар ер майдонини ҳокимият идораларидаги танишлари имконияти билан томорқа сифатида олиб бериш эвазига Бандихон туманида яшовчи У.Т.дан талаб қилинган 60 миллион сўмни олаётган вақтида Жарқўрғон тумани Ирригация бўлими мироби Х.А. жиноят устида қўлга олинди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Бандихон тумани прокуратураси қошидаги департамент томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.