Hodisalar

Сабаб бартараф этилмас экан, кўнгилсизликлар тўхтамайди

Яқинда Самарқанд шаҳрида автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчасига газ тўлдириш учун кирган автомашина баллони портлади ва оқибатда бир киши ҳалок бўлди. Ўша куни ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган бу ҳодиса шу билан унут бўлди. Афсус…

Аслида бир кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳолатда прокуратура, ҳеч бўлмаганда ИИБ мутасаддилари чиқиб гапириши керак эмасмиди?!

Тўғри, вилоят ФВБ ахборот хизмати ҳолат тафсилотлари ҳақида ахборот берди. Аммо бу етарлими? Бошқарма ахборотида ҳам металл (композитлиси мумкинмас, бу аниқ) газ баллонлар фойдаланиш муддати қанча ва бу муддатдан кейин нима қилинишини жамоатчиликка билдириб ўтилмади. Маълумотларга кўра, газ баллонларнинг фойдаланиш муддати 15 йил (одатда 15 мингта тўлдириш — «заправка»). Бу муддат ўтганидан сўнг баллонлар утилизация қилиниши керак.

Бу ҳолатда эътибор қаратилиши керак бўлган энг муҳим масала техник кўрик билан боғлиқ. Яшириб нима қилдик, ҳозир «ҳақи»ни тўласа имзоланган, муҳрланган далолатнома автомашина эгаси — ҳайдовчининг қўлига тутқазилади.

Соҳада коррупция илдиз отиб кетган. Тўғри, бу иш хусусий қўлларда. Лекин содир бўлган мудҳиш ҳодисадан кейин ҳуқуқ-тартибот органлари бу борадаги ҳолатни мониторинг қилишлари керак эмасми?

Умуман, ўзи ўша портлаган машина техник кўрикдан ўтганми ёки йўқми? Бу ҳақда бирон маълумот айтилмади. Агар ўтган бўлса, ўтказган тадбиркорга жиноий иш очиш керак эмасми? Ахир бир кишининг ҳалок бўлишига айнан у сабабчи бўлаяпти-ку.

Биласиз, бугун автомашиналарнинг аксарият қисми, сиқилган газ баллонлари билан ҳаракатланади. Ҳолат шу тарзда давом этса, уларнинг портлаши ҳали-бери тугамайдиганга ўхшайди.

Шу ўринда талай саволлар туғилади, суюлтирилган газ баллонларини синовдан ўтказиш муддатини 1 йил қилиб қатъий белгилашга нима тўсқинлик қилади?

Техник кўрик масаласида ҳам ахборот тизими яратиш, синов муддати ўтиб кетган автомашиналарнинг йўлда ҳаракатланишига йўл қўймаслик учун-чи?

Тез-тез такрорланаётганига қарамасдан техник кўрик ишларини тартибга солиш учун яна қандай муаммони кутишимиз керак?

Бизнингча, ҳодиса жойига чиққан ҳуқуқ органлари суриштирув ишлари якунлари ҳақида ҳам жамоатчиликка батафсил маълум қилишлари шарт.

Зотан, бу вазифа давлат раҳбари имзолаган ҳужжатда аниқ қилиб кўрсатиб ўтилган. Ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлган ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари матбуот анжумани ўтказиб, ҳолат тафсилотлари, ўрганиш якунлари ҳақида ахборот бериши белгиланган.

Мирзо Ихтиёров,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

Related Articles

Back to top button