Сайёр қабулда мурожаатларга ечим топилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан аҳоли билан тўғридан – тўғри мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини бевосита жойида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг 29 январь куни Бюронинг вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари иштирокида вилоятнинг Сариосиё ва Узун туманларида сайёр қабуллар ташкил этилди.
Мазкур сайёр қабуллар давомида жами 21 та Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тингланиб, шундан 12 таси масъуллар томонидан шу куннинг ўзида ҳал этилган бўлса, қолган мурожаатлар ҳам назоратга олиниб, тегишлилиги бўйича масъулларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Айтиш ўринлики, мазкур сайёр қабул давомида кўриб чиқилган мурожаатларнинг асосий қисмини алимент қарздорлигини ундириш бўйича қилинган мурожаатлар ташкил этди.
Болаларининг таъминотидан қийналган оналарнинг мурожаати тингланиб, алимент пулини ўз вақтида тўлашдан бўйин товлаган 2 нафар оталарга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди ва очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, айбига иқрорлик билдирган оталарга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
Шунингдек, Узун туманида яшовчи фуқаро Олима Ражабова (исм фамилияси ўзгартирилган) 2 нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун собиқ турмуш ўртоғи алимент пулини тўлаб бермаётганлигини маълум қилди.
Мазкур мурожаатни ўрганиш давомида қарздор ота Ражаб Турғунов 16 миллион 317 минг сўм алимент пулларини тўлашдан бош тортиб келганлиги учун 2021 йилнинг октябрь ойида 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганлиги ва бундан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан алимент пулини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги аниқланди ҳамда шу куннинг ўзида қарздор отага нисбатан белгиланган тартибда жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатларига киришилди.
Албатта, бу каби сайёр қабуллар фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш имконини бераётганлиги билан янада аҳамиятли бўлмоқда.
Мажбурий ижро бюроси
Сурхондарё вилоят бошқармаси