Jahon

Амир Темур фармони билан қуйилган дошқозон 1989 йилда қайтарилган эди

Ҳазрат Ҳожа Аҳмад Яссавий мақбарасидаги энг муҳим ва ноёб экспонат – тарихий дошқозон. Бу ноёб санъат намунаси соҳибқирон Амир Темур фармони билан 1399 йили Қарноқ қишлоғида уста Табризий томонидан қуйилиб, мақбарага туҳфа қилинган. Таркибида еттита нодир металл мавжуд, оғирлиги 2 тонна, умумий ҳажми 3 минг литр бўлган. Табиийки, барчанинг, хусусан, россиялик шарқшунос олимларнинг ҳам қизиқишини уйғотган. 1935 йили Ленинграддаги Эрмитаж музейида ўтадиган Эрон маданияти кунларининг учинчи анжумани арафасида Туркистондаги Яссавий мақбарасидаги тарихий дошқозон жойидан қўзғатилади. Вагонга юкланиб, қўриқчи аскарлар ҳамроҳлигида Ленинградга олиб кетилади. Қарноқда қуйилган дошқозон уруш йилларида Ленинград қамалини шаҳарликлар билан бирга ўтказади. Эрмитажни, ундаги экспонатларни 900 кундан зиёд таҳликали кунларда немис авиацияси бомбаларидан кўз қорачиғидек сақлаган шаҳар ҳимоячиларига таҳсинлар айтсак арзийди.

1985 йили Туркистон шаҳар ижроия қўмитасига раис бўлиб сайланган Эркин Жўрабеков Ленинграддаги дошқозонни ўз ўрнига қайтаришга бел боғлайди. Йиллар давомида жуда кўп зиёлилар, мансабдор шахслар мана шу ишга жалб қилиниб, ўз ҳиссаларини қўшдилар. Чунончи, Совет Иттифоқи қаҳрамони Расул Исетов, тадбиркор Баҳодир Ирисметов, Қозоғистон Олий Кенгаши депутатлари шулар жумласидан. Лекин, 1989 йили сентябрь ойида  тарихий дошқозон ўз жойига қайтарилади. Ўша пайтда Туркистон пахта тозалаш корхонаси директори бўлиб ишлаган оқил раҳбар  Одил Олимов корхонадан икки ҳайдовчи – Мўлдахан ва Шералилар бошқарадиган  янги “Камаз” автомашинасини ажратиб бериб, савобли ишга  улкан ҳисса қўшади. Шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тўқбергенов буйруғи билан битта милиция ходими табель қуроли билан карвонни кузатиб бориб келишга ажратилади. Туркистонча меҳмондўстлик белгиси – юк автомашинасига тарвуз юкланиб, Эрмитаж музейи ходимларига туҳфа сифатида тарқатиб берилади. Таъкидлаш жоиз, ҳали компартиянинг “қиличидан қон томиб турган” даврда тарихий дошқозонни Ленинград шаҳридан олиб келишга давлатдан  маблағ ажратилмайди. Барча сарф-харажат фидойилар ташаббуси, холис ёрдами билан амалга ошади. Эркин Жўрабеков билан бирга Туркистондан Мусо Абдуқодиров, Абдусодиқ Абдураззоқов, Дадажон Жамоловлар Ленинградга сафарга отланади. Тарихий сурат ва видеолавҳаларда 32 йил аввалги ҳаяжонли воқеалар тўлиқ  ифодаланган. Эрмитаж музейи бош директори

Б. Пиотровский ҳузурида Москвадаги Третьяковская галереяси  раҳбари билан биргаликда Эркин Жўрабеков раҳбарлигидаги Туркистон шаҳри делегацияси қабул қилинади. Дошқозонни топшириш ҳужжатларини расмийлаштириб оқ йўл тилаган онлари ўз аксини топган.

Айтишга осон, аммо ҳар бир қадамининг  бажарилиши қийин кечган  тарихий воқеа. Масалан, Абдусодиқ Абдураззоқовнинг таклифи билан дошқозонни деразадан олиб чиқадиган, мабодо, деразага сиғмаса,  уни бузиб кенгайтирадиган, ҳамма тиклаш ишларини ўз зиммаларига оладиган бўлиб келишдилар. Ойнани ташқарига итариб очганларида эса кутилмаганда назорат сигнализацияси ишга тушиб ҳаммани шошириб қўйди. Тўғрида, жаҳоннинг энг нодир буюмлари жамланган тарихий Эрмитаж музейи ойна эшиклари энг кучли сигнализация тармоғига уланган. Ҳалиям, Б. Пиотровский берган розилик топшириғи қўл келиб, ҳаммаси осон ҳал бўлди. Дошқозон деразага худди ўлчагандек мос келди. Тирсакли кран ёрдамида ташқарига чиқаришди. 1989 йили кузида – 13 сентябрь куни дошқозон “Камаз”га ортилиб,  тарихий карвон Туркистон сари  йўлга тушди. Амир Темир буйруғи билан қуйилган тарихий нодир экспонат 590 йилдан сўнг юрагида ўти, қалбида ҳиммати, тарих олдида масъулияти, келажак авлод олдида ғурури  бор инсонлар ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан мусофир юртдаги дарбадарликдан яна тарихий қадрдон маскани – Ҳазрат Яссавий мақбарасига йўл олди. Йўл ўзгачаликлари эътиборга олиниб, Балхаш орқали Шимкент томондан Туркистонга кириб келди. Иқондан ўтгач, Тошоноқдан (Чоға қишлоқ округи) бошлаб то Туркистондаги Ҳазрат Ҳожа Аҳмад Яссавий мақбараси пойигача тош йўлнинг икки томони дошқозон ортилган карвонни олқишлаган тумонат одам билан тўла эди. Бундай халқ олқиши, халқ қувончи яқин йилларда бўлмаган эди.

Туркистонда дошқозонни жуда кўп машҳур  инсонлар, хусусан, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Р. Исетов, шаҳар бош имоми Абдуқодир қори, шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби Н. Балқияев, туман партия қўмитаси биринчи котиби Р. Холмуродов, ижроия қўмитаси раиси А. Жансейитов, шаҳар, вилоят, республика оммавий ахборот воситалари вакиллари кутиб олишди. Шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Т. Мамишев кўпчилик олдида  расмий равишда Н. Балқияевга тарихий дошқозон Ленинграддаги Эрмитаждан Туркистонга етказилганлигини маълум қилди. Шу ерда табаррук ёшдаги бир отахон кўзларига ёш олиб, минг сўм пулни мусофир юртдан келган дошқозон ичига ҳам суюнчи, ҳам эҳсон сифатида ташлайди. ОАВ вакилларига берган мусоҳабасида: “Ўлимлигимга деб атаб йиғиб қўйган пулим. Умрим бўйи дошқозонни бир кўрсам, тавоб қилсам, деб орзу қилдим. Кўраманми, насиб этадими, йўқми, деб иккиланган эдим. Яратганга шукроналар бўлсин, мана бу кунни кўриш ҳам насиб этди. Шу ишни амалга оширган, дошқозонни мусофир юртдан қадрдон масканига етказган йигитларга Аллоҳ мададкор бўлсин”, дейди қувонч кўз ёшларини артиб.

Сўнг айнан шу хайр-эҳсон ташлаш анъанага айланади. Халқ олқишини, қувончини, шукрона кўз ёшларини кўрсангиз эди. Буларнинг ҳаммаси шонли тарих. Кейинги авлод эслаб, хотирлаб,  қадрлаб, ҳурматлаб, ўрнак олиб  фахрланиб  ўтадиган тарих.

P.S. СССР раҳбари М. Горбачев, СССР маданият вазири Захаров каби ўнлаб расмий шахсларга йиллар давомида қилинган мурожаатлар самараси дошқозон ўз юртига қайтарилди. У Ленинграддаги Эрмитаждан қайтарилган экспонатларнинг биринчиси ва сўнггиси эди. Орадан кўп ўтмай, Россия Президенти Б. Ельцин махсус Фармон чиқариб, Эрмитаждаги экспонатларни қайтариб беришни қатъиян таъқиқлаб қўйди. 

Ш. МАДАЛИЕВ

Related Articles

Back to top button