Jahon

Ўзбекистон Президенти Евроосиё иқтисодий иттифоқи саммитида иштирок этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 октябрь куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклидаги навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этди.

Тадбир Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойида Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини олганидан буён ушбу интеграциявий бирлашманинг давлатимиз раҳбари иштирокида ўтган учинчи саммити бўлди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган саммитда Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи мамлакат — Куба Республикаси Президенти Мигель Бермудес ва Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Михаил Мясникович қатнашди.

Йиғилиш кун тартибидан кўп томонлама иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, савдо, саноат кооперацияси, транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамлаштириш, “яшил” иқтисодиёт ва бошқа устувор йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни илгари суриш масалалари ўрин олди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистоннинг табиий савдо ва иқтисодий ҳамкорлари – ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Хусусан, пандемия шароитларида мамлакатимизнинг Ташкилотга аъзо давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми барқарор ортиб бораётгани таъкидланди. Евроосиё иқтисодий комиссияси билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилди, қўшма Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини бошлади. Бундан ташқари, Ероосиё тараққиёт банки билан ҳамкорлик бўйича истиқболли лойиҳалар тайёрланмоқда.

Савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш муҳим эканини алоҳида қайд этиб, Ўзбекистон етакчиси ўзаро савдода мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, техник регламент ва стандартларни уйғунлаштириш, божхона тартиботларни рақамлаштириш бўйича қўшма “йўл харита”сини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.

Ўзбекистон саноат кооперациясини чуқурлаштириш орқали минтақалараро қўшилган қиймат занжирларини яратишда ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани қайд этилди. Тошкент шаҳрида ҳар йили “Иннопром – Марказий Осиё” саноат форумининг ўтказилиши бунинг учун янги имкониятлар очади.

Президентимиз миллий иқтисодиётларнинг барқарор ривожланишида муҳим омил сифатида транспорт йўлаклари тармоғи ва логистика инфратузилмасини такомиллаштириш муҳим эканига эътибор қаратди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон томонидан Россия ва Қозоғистон билан биргаликда йўлга қўйилаётган зарур товарларни тез фурсатда ўзаро етказиб бериш бўйича “Агроэкспресс” лойиҳасига қўшилишга таклиф этди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларининг алоҳида долзарб аҳамиятини ҳисоб олиб, Ўзбекистон Президенти бу борадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва қўшма ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш орқали соҳадаги ҳамкорликнинг янги нуқталарини излаш муҳим эканини таъкидлади.

Мамлакатимиз ЕОИИ доирасидаги рақамли трансформация жараёнларида иштирок этиш, амалий тажриба алмашиш ва илғор технологияларнинг ўзаро трансферидан манфаатдор экани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари экология масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича ўзаро мувофиқлашган чоралар зарур эканини таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти ҳамкор мамлакатларни Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини яратиш бўйича қўшма лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирди ҳамда келгуси йил сентябрь ойида Нукус шаҳрида ўтказиладиган “Яшил” энергетика бўйича халқаро форумга таклиф этди.

Бундан ташқари, бирлашма доирасида яратилган Иқлим масалалари бўйича юқори даражадаги ишчи гуруҳ билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди.

Ўзбекистон етакчиси сўзининг якунида саммит якунлари ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яқин шерикликни илгари суришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Related Articles

Back to top button