Jahon

Б. Танабаев: Ҳалолликда барака кўп

Мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш масаласига давлатимиз иқтисодий сиёсатининг стратегик вазифаси сифатида қаралмоқда. Республика ички ялпи маҳсулотнинг 50 фоиздан зиёди кичик ва ўрта тадбиркорлик соҳаси улушига тўғри келадиган вақт ҳам яқинлашиб қолди. Бу – кичик ва ўрта тадбиркорлик давлат томонидан доимий қўллаб-қувватланаётганлигининг самарасидир.

Лекин давлат ғамхўрлигисиз иш юритаётган, айниқса, ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган ишбилармонларнинг фаолияти таҳсинга лойиқ.

“Береке” корхонасининг йилдан-йилга ривожланиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларининг кўпайишига унинг раҳбари Берик Танабаевнинг ишбилармонлиги сабаб бўлса, ажаб эмас. Мазкур ишни 2015 йилда Шимкент шаҳрида бошлаган Б. Танабаев бир йилдан сўнг иш жойини Сайрам мавзесига кўчиради. Қишда саккиз нафар ишчи меҳнат қилаётган цехда 30 турга яқин симтўр ишлаб чиқарилади. Ёш тадбиркорнинг айтишича, мавсумда цехда 20 киши иш билан таъминланар экан.

Тадбиркор ишлаб чиқараётган маҳсулотлар Шимкент шаҳридан ташқари Туркистон, Қизилўрда ва Жамбил вилоятларида сотилмоқда.

–Хитойдан 10та дастгоҳ харид қилганмиз. Бир дастгоҳ икки-уч хил симтўр тўқиш имкониятига эга. Ишимиздан нолимаймиз, меҳнатимизга яраша даромад оляпмиз. Ҳалолликда барака бор, деган ота-боболаримиз. Биз ҳам шу нақлга амал қилиб келмоқдамиз, – дейди биз билан суҳбатда Берик Танабаев.

Бугунги кунда цехнинг гуллаб-яшнашига Отабек Нортоев, Шуҳрат Назарматов, Ерик Танабаев, Жандўс Тултебаев, Ғалимжан Мамбетов, Руслан Расулхўжаев, Ержан Сирғабаевлар ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.

Хуршид ҚЎЧҚОРОВ

Related Articles

Back to top button