Adabiyot

БЎЛГАН ЭМАС

Дунё яралгандан бери

Подшоҳ одил бўлган эмас,

Шоирлар қалам олганда

Хатга тўғри солган эмас.

Инақу бекнинг боллари,

Ҳар неки етди қўллари,

Очиқ, кенг эди йўллари,

Ҳеч вақт ҳориб, толган эмас.

Бўлмади қилган ниятим,

Хўр бўлди халқим, ҳимматим,

Йиғлай-йиғлай ўтдик етим,

Йиғламас вақт бўлган эмас…

Бизнинг халқнинг бийлари,

Создир жаҳонда уйлари,

Доим тарала куйлари,

Тўғри жавоб айтган эмас.

Менинг бу айтган чин сўзим,

Сўзим эмас, менинг ўзим,

Юмилганча икки кўзим,

Ҳеч вақт ёшсиз бўлган эмас.

Бировлар жуда зор бўлди,

Бировлар жуда хор бўлди.

Лочинга қурган тўр бўлди,

Тўрни ҳеч ким узган эмас.

Қарағай эмас, сўкит бўлдим,

Қари эмас, йигит бўлдим,

Тоғдан учган бургут бўлдим,

Қўнар ерим бўлган эмас.

Гул бўлдиму, яйрамадим,

Оқил бўлиб, ўйламадим,

Булбул бўлиб сайрамадим,

Ҳодиса кам бўлган эмас.

Қурғоқ кунда ёғин бўлдим,

Бўрон бўлдим, чақин бўлдим,

Палак ёзган қовун бўлдим,

Беташвиш кун бўлган эмас.

Золимларнинг жабри ўтди,

Йиғлай-йиғлай эсим кетди,

Нега мунча шўрлик етди,

Ёруғ куним бўлган эмас.

Қанчалар оч, қанчалар тўқ,

Тўқ одамлар қайғуси йўқ,

Очларнинг ҳеч уйқуси йўқ,

Уни тўқлар билган эмас.

Қорақалпоқ ,— халқ бўлгандан,

Халқ атоғин олган кундан,

Ҳақ таоло йўл солгандан —

Бир тенгликни олган эмас.

Эшонларда мурувват йўқ,

Бой-бийларда адолат йўқ,

Фуқарода саодат йўқ,

Халқ ўйнаб-кулган эмас.

Эй ёронлар, сиртим бутун,

Бағрим ёниб бўлди тутун.

Золим ошириб ўз ҳаддин,

Асло раҳм қилган эмас.

Бу дунё дунё бўлмади,

Эркимизга ҳеч қўймади,

Душманнинг гули сўлмади,

Тилагим ҳеч бўлган эмас.

Бу дунёнинг дарди ёмон,

Қувон, бошинг қолса омон,

Тушди бошга охир замон,

Инон, дўстлар, ёлғон эмас.

Кундан-кунга бўлди баттар,

Ҳар ким ўз ғамин тортар,

Қора туман қачон кетар?

Сўнган чироқ ёнган эмас.

Дунёга келдим, не кўрдим,

Қайғу-ҳасратларда юрдим,

Адо бўлмас дилда дардим,

Ҳеч ким назар солган эмас.

Бердимурод — менинг ўзим,

Кунхўжани кўрди кўзим,

Ожиниёздан уққан сўзим,

Улар ҳам шод бўлган эмас.

Яхшироқ

Оқ буғдойи туриб, сули сепкандан,

Тоза шоли туриб, курмак эккандан,

Жўнсиз қирқ кун қайғу-ҳасрат чеккандан,

Тан соғликда бир кун шодлик яхшироқ.

Дунёга чиққан сўнг, бахтинг очилса,

Душманларинг оёғингга бош урса,

Ёв бўйсуниб, икки қўлин қовширса,

Кўзни олайтгандан, иззат яхшироқ.

Юмуш ишла, туғилган сўнг, эл учун,

Жонингни аяма, элда эр учун,

Киндикдан қон томиб, туққан ер учун,

Ўлиб кетгунингча хизмат яхшироқ.

Ҳеч қачон дўстларинг бўлмасин ҳайрон,

Қўлдан келса солинг душманга вайрон,

Элу халқ бир бўлиб айлангиз сайрон,

Туғилган ер учун ҳурмат яхшироқ.

Ғайри бировларни этиб қурдошинг,

Оқизмагин дилбарингнинг кўзёшин,

Ёмон бўлса ҳам умрлик йўлдошинг,

Вақтинча қўл берган ҳурдан яхшироқ.

Одам боласинда бўлсин ор-номус,

Энг ками юз бўлсин кўз кўрган таниш,

Магар билмай қўлни қийса бир қамиш,

Шул вақт қонин тийган ордан яхшироқ.

Эр йигитга номус билан ор керак,

Оқкўнгил, қаламқош севар ёр керак,

Меҳмон келса кутиб олар ҳол керак,

Сўйгани бир эчки-молдан яхшироқ.

Хуш келдинг, деб, отдан тушган ул қўноқ,

Ўтирган бўлмасин шу уйни синаб,

Кўзли ҳам оёқли, тилли бир чўлоқ,

Ҳунарсиз, билимсиз қўлдан яхшироқ.

Хива хон қасд этиб, пўсди қанғиб юрт,

Мулксиз ночорларга тушди кўп солғирт,

Узунаси текис, йўғон бир арғит,

Сони юз, сифатсиз толдан яхшироқ.

Уйғониб, эртадан юмушга чиқиб,

Қўлингни қабартиб, белингни букиб,

Тиззангни сизлатиб, меҳнатин чекиб,

Еган бир зоғоранг болдан яхшироқ.

Теран ақл керак сўзни тизмоққа,

Тиниқ хаёл керак барин сезмоққа,

Сув ичинда ваҳимасиз сузмоққа,

Бир қайиқ олти юз солдан яхшироқ…

… Ўзга кам-кўст келиб тушди, оҳ-войим,

Сабабсиз таёқ еб, недур гунойим,

Ерни, кўкни халқ айлаган худойим,

Бу юришдан ажал келган яхшироқ.

Бир оқшом айттириб урди ёзиқсиз,

Не чора бойлоғсиз ҳолда, қозиқсиз,

Қорақалпоқ кунинг ўтди ёруғсиз,

Бул ўтган умрдан зиндон яхшироқ.

Не асл сўз айтдим, ўтди аёнсиз,

Не хизматлар этдим, кетди поёнсиз,

Мен ҳам бир жон эдим юртга зиёнсиз,

Хўрлик кўрдим, тек ўлгандан яхшироқ.

Бердимурод айтар, кўролмай ёғду,

Ўлиб кетар бўлди, очилмай бахти,

Бердимурод – халқни, халқи – Бердақни,

Ёлғизиндай кўрар жондан яхшироқ.

Бердимурод Қарғабой ўғли Бердақ

Related Articles

Close