Устоз Маҳмуд Абулфайз ижодидан
БИЛАРСАН…
Умр сенга омонат мулк эканин,
Жон халқумга қадалганда биларсан.
Юкинганинг, ишонганинг, топганинг,
Душман дея аталганда биларсан.
Умид надир, армон надир дунёда,
Юрар йўлинг тор келганда биларсан.
Дийдор надир, висол надир дунёда,
Дўст соғиниб, зор келганда биларсан.
Бевафога кўнгил қўйиб баногоҳ,
Садоқатинг дор келганда биларсан.
Дунё молин маним дея жон ҳалак,
Нафсинг ютар—мор келганда биларсан.
Кулаверма мағлубларнинг ҳолидан,
Отинг тойиб йиқилганда биларсан.
Оғриқ тортиб жону дилинг бешафқат,
Анор янглиғ сиқилганда биларсан.
Адашиш не эканин-икки оёқ
Бир этикка тиқилганда биларсан.
Ҳақ йўл қолиб ботил йўлдан кетсанг гар,
Элу халқинг тикилганда биларсан.
Ишинг тушса, гар даюсга, номардга,
Нархинг бир пул бўлганида биларсан.
Ёлғонни рост санаб юрсанг бир куни,
Жом-паймонанг тўлганида биларсан.
Оқил сўзни нодон билмас, танимас,
Яхши гапинг хор бўлганда биларсан.
Дўстинг қолиб иблис билан ош есанг,
Борар жойинг нор бўлганда биларсан.
БЎЛМАС
Кўзингни оч, дунё эмас бесоҳиб,
Ғазабсан, вулқонсан, сўнмасанг бўлмас.
Ёмонлик офатдир, гуноҳ ғурбатдир,
Уларни кўрганда тўнмасанг бўлмас.
Ҳаёси йўқ бозор экан бу очун,
Юзингни ҳақ сари бурмасанг бўлмас.
Воҳким, ширин жонни кесиб борар вақт,
Ёр ила суҳбатлар қурмасанг бўлмас.
Бир ажиб ҳикматдир асли бу дунё,
Нигоҳинг ҳикматга сунмасанг бўлмас.
Бу жон омонатдир, ғафлатда қолма,
Бир кун топширмоққа кўнмасанг бўлмас.
Худойим марҳамат қилди. Кўрдингми?
Тириклик боғида унмасанг бўлмас.
Болари мисоли ҳар тонг, ҳар саҳар,
Ҳаётнинг гулига қўнмасанг бўлмас.