“Уйда қолинг!”
Мамлакатимиз аҳли оғир синовни бошидан ўтказмоқда. Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозирги кунда бутун дунёни коронавирус офати катта ташвишга солиб турибди. Бу синов жонажон Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтмади. Бундай имтиҳон кунларда халқимиз бир-бирларига далда, кўмакчи бўлмоқлари керак.
Ушбу вируснинг янада тарқалиб кетмаслиги учун давлатимиз Раҳбарининг бевосита бошчилигида қатъий чоралар кўрилмоқда.
Президентимизнинг коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича навбатдаги мурожаати халқимизни янада огоҳ ва ҳушёр, ҳамжиҳат, бир мушт бўлишга ундагани шубҳасиз.
Дарҳақиқат, бу синовли кунларда барчамиз бардошли бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, насиб этса тез кунларда енгиллик ва фаровон ҳаёт келади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига бир қийинчилик ортидан, албатта, енгиллик келишини баён қилиб, шундай деган: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).
Бутун дунёнинг бошига тушган бу мураккаб синовдан биз, Худо хоҳласа, янада кучли бўлиб, бир-биримизга меҳримиз янада зиёда бўлиб, албатта ёруғ юз билан ўтиб оламиз.
Фақат тартиб-интизомга қатъий риоя қилиб, ўринсиз ваҳимага тушмасак, тушкунликка берилмасак, марра бизники бўлади.
Коронавирус инфекцияси дунёга таҳдид солиб турган бир пайтда тиббиёт ходимлари зиммасидаги масъулият янада ошиши билан бирга, улар фаолиятининг ҳар куни қаҳрамонлик эканлиги яққол намоён бўлмоқда.
Иш жойида мижжа қоқмай хизмат қилаётган шу шифокорлар чин фидойи инсонлардир.
Карантин талабларига бефарқ бўлмаслик керак.Ислом дини таълимотида ҳар бир инсон ўзи ва бошқалар ҳаётини муҳофаза қилишга масъулдир! Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!” деб қатъий хитоб қилган (“Бақара” сураси, 195-оят).
“Аллоҳ сизларга уйларингизни оромгоҳ қилди”(“Наҳл” сураси, 80-оят).
Шундай экан бутун дунё шиор қилиб олган “Уйда қолинг!” дейиши бежиз эмас.Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, инсон учун энг тинч-оромбахш жой унинг уйи ҳисобланади. Уй ҳам Аллоҳ таолонинг неъматларидан биридир. Инсон ўз уйичалик бошқа жойда хотиржамлик ҳис қилмайди. Бугун коронавирусдан энг яхши ҳимояланиш чораларидан бири уйда қолиш экани кўп таъкидланмоқда.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қай бир кишига тоъун (пандемия) етса ва уйида сабр билан ва савоб умидида ўтирса ҳамда ўзига Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса етмаслигини билса, илло унга шаҳиднинг ажричалик савоб бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Таниқли уламоларимиз бу ҳадисни шарҳлаб: “Бу ҳамма сабр қилган, савоб умид этган ва таваккул қилган кишиларга тааллуқлидир, улар вабодан хоҳ вафот этсин, хоҳ этмасин, дейишмоқда.
Коронавирус инсоният учун Яратганнинг берган бир синовидир. Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда, уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилсалар, биз бу касалликни, албатта, бартараф этамиз. Ўта заруратсиз уйдан ташқарига чиқмаслик керак: Айниқса, оила-аъзолари билан кўпроқ бирга бўлиб, янада ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мумкин. Фарзандлар таълим-тарбия ва одоб-ахлоқига кўпроқ эътибор қаратишга имконият туғилади. Уларга ўз билимларини бериб, кўпроқ китоб ўқишлари, билмаганларини ўрганишларига кўмакчи бўлинади. оила-аъзолари билан Қуръони карим тиловати, ҳадиси шарифлар мутолааси, истиғфор ва салавотлар айтиб юртимиз ва оиламиз тинчлиги учун дуолар қилишимиз зарур. Айниқса, рамазон ойи яқинлашиб келаяпти нафл ибодатларни қилиб, рамазонга баданимизни янада чиниқтириб кириб боришимиз керак. Уйда ўтириб дуолар қилиб, зикрлар , истихфорлар айтиб куннимизни ўтказсак Аллохнинг розилигини олган бўлур эдик.
Ё Роббимиз, мазкур синовли кунларда барчамизни хатолардан саломат қил, гўзал сабр ва матонат бер! Бу иллатни халқимиздан, умматдан, бутун дунё халқларидан йўқ қил!
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Хосият Қосимова