Эътиборсизлик жавобгарликка сабаб бўлади
Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан 2020 йил 28 январь куни Сурхондарё вилояти “Сувоқова” ДУК Термиз шаҳар филиали мухандис инспектори лавозимида ишловчи, В.З. га нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида қарор қабул қилиниб Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 2155-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбдор деб топилди ва унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида яъни 669.000 (олти юз олтмиш тўққиз минг) сўм жарима жазоси тайинланди. Термиз шаҳрида яшовчи фуқаро М. Д. 2019 йил 19 декабр санасида Ичимлик суви ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш (ечиш ва улаш билан бирга) Термиз шаҳар давлат хизматлари марказига мурожаат қилган. Аммо, орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтсада, давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузган ҳолда фуқаронинг сўрови қаноатлантирилмаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги 698-сонли қарори билан тасдиқланган “Ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти”нинг 22-бандида таъминотчи корхона ва Бюро ходимлари сўровнома келиб тушганидан сўнг 5 иш куни ичида талабгор билан келишиб, унинг иштирокида тегишли далолатномани 3 нусхада тузган ҳолда ҳисобга олиш ускунасини ечиб олиши, 24-бандида ҳисобга олиш ускунаси таъминотчи корхонадан қабул қилиб олинганидан сўнг 3 иш куни ичида метрология хизмати томонидан қиёслашдан ўтказилиши, 29-бандида таъминотчи корхона ва Бюро ходимлари ҳисобга олиш ускунаси қиёслашдан ўтказилгандан кейин 3 иш куни ичида талабгор билан келишилган вақтда талабгор иштирокида ўрнатилиб, уч нусхада ҳисобга олиш ускунасини ўрнатиш тўғрисидаги далолатнома тузган ҳолда тамғаланиши, таъминотчи корхона ва Бюро томонидан хизмат кўрсатиш якунланганлиги ҳақида хабардор қилиш учун ҳисобга олиш ускунаси ўрнатилганлиги ҳақидаги далолатнома тузилган кундан бошлаб 1 иш куни ичида Давлат хизматлари марказларига юборилиши белгиланган. Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси мутахассислари томонидан олиб борилган ўрганишлар жараёнида “Сувоқова” ДУК Термиз шаҳар филиали мухандис инспектори лавозимида ишловчи, В.З. томонидан йигирмадан ортиқ ана шундай қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги маълум бўлди. Шу ўринда рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи чорагида давлат хизматларини кўрсатиш тартибини бузишга оид жами 656 та қонунбузилишлар аниқланган. Мазкур қонунбузилишлар ташкилотлар кесимида таҳлил қилинганда, қурилиш ва архитектура идораларида 25 та, солиқ органларида 29 та, ер ресурслари ва давлат кадастри идораларида 111та, ДСЭНМда 5 та, бошқа назорат қилувчи идораларда 4та, соғлиқни сақлаш муассасасида 20 та, “Ўзтрансгаз” АК вилоят филиалида 226 та, Ўзбекэнерго” АЖ вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан 55та, бошқа коммунал хизмат кўрсатувчи идораларда 99 та, бошқа ташкилотларда 82 та ҳолатда қонун бузулиш ҳолатларига йўл қўйилган.
Шу каби камчиликларга барҳам бериш мақсадида бошқарма томонидан жорий йилнинг дастлабки ойида 15та ўрганиш ўтказилган бўлиб, шундан 5таси мурожаатлар асосида ташкиллаштирилган бўлса, 58 таси мониторинглардан иборат. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 3 та тақдимномалар киритилиб, натижасига кўра, 6 нафар шахслар интизомий жавобгарликка 58 нафар шахслар эса маъмурий жавобгарликка тортилган. Фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш жараёнидаги қонунбузилиш ҳолатларига барҳам бериш, юртдошларимизни кўрсатилаётган хизматлар фойдаланишларига шароит яратиш Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармасининг ҳам асосий вазифаси саналади. Шуни унутмаслик керакки, ҳар қандай эътиборсизлик бюрократик тўсиқ ва сансалорликларга йўл қўйганларга жазо муқаррар.
Хуршид Эрниязов
ДХА Сурхондарё вилоят бошқармаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бўлими бошлиғи