Тўра Боболов афғонистонлик сармоядорлар билан учрашди
Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов афғонистонлик инвесторлар билан учрашиб, уларнинг таклиф, ғоя ва муаммоларини тинглади.
Учрашувда афғонистонлик 50 га яқин тадбиркор иштирок этиб, уларнинг аксарияти виза муддатини узайтириб беришни сўради. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ер ажратиш, иссиқхона барпо этиш каби таклифларни илгари сурди.
– Термиз туманида 14,5 гектар майдонда боғ барпо этганмиз. Шунингдек, Афғонистонга мош, ловия каби озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти билан шуғулланамиз, – дейди “Жовидбек” МЧЖ раиси Жовидбек Муҳаммадамин. – Энди бир гектар ерда замонавий иссиқхона барпо этмоқчимиз. Вилоят ҳокимига шу таклифни айтган эдим, ер ажратиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди. Зироатларни суғориш масаласида артезиан қудуқ қазишни тавсия этди. Бунинг учун бизга субсидия ажратиладиган бўлди. Икки масала ҳам жойида ечим топганидан қувондим.
Очиқ мулоқотда Ўзбекистоннинг Мозори Шариф шаҳридаги консули Ж.Фаттоев иштирок этди.