БИЛМАЙИН ИЧДИМ АРОҚНИ…

Йўл транспорт ҳодисаларини таҳлил қиладиган бўлсак, аксарият қоидабузарликлар ҳайдовчиларнинг масъулиятсизлиги, кибрга берилиши ортидан юзага келаётганини кўриш мумкин. Ачинарлиси, кимнидир хурмача қилиқлари ортидан қайсидир хонадон мусибат ичида қолади. Кимнидир соғ жони бир умрлик хасталикка алмашади. Айниқса, ичкиликнинг фалокат келтиришини билгани ҳолда маст ҳолда машина бошқаришдек қўпол қоидабузарликлар содир этаётганларнинг учраётгани афсусланарли ҳол.
Бойсун тумани ҳудудида ҳаракатланиб келаётган “Тracker-2” автомашинаси ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилиб текшириларкан, ҳайдовнинг ўзини тутиши ходимларда шубҳа уйғотади. Кўзлари бежоланиб турган ҳайдовчидан тиббий кўрикдан ўтиш сўралади. Аввалига ичмаганлигини баҳона қилган ҳайдовчи вазият таранглашганини кўриб, текширувдан ўтишга розилик билдиради. Унда мастлик даражаси 0,247 мг/л эканлиги аниқланади. Ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдонига жойлаштирилади.
Мазкур ҳуқуқбузарлик иши жиноят ишлари бўйича Бойсун тумани судида кўриб чиқиларкан, ҳайдовчи айбини тан олиб суддан ўзига нисбатан енгиллик берилишини сўрайди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, яъни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддасига асосан ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.
Ана шу ҳуқуқий асосларга кўра суд ҳайдовчи 3 йил муддатга транспорт воситалари бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлашни лозим топди.
Хулоса қилиб айтганда, «Йўл ҳаракати қоидалари»га риоя этмаслик, эҳтиётсизлик ва қоидабузарлик ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаган, келмайди ҳам. Маст ҳолатда автомашина бошқариш ва ҳушёрликни йўқотиш бир инсон умрига зомин бўлгани ҳаммани ҳушёр тортирмоғи лозим.
Жиноят ишлари бўйича
Бойсун тумани суди тергов судьяси
Низом МАҲМУДОВ




