Сурхондарёда ёввойи қамишдан тайёрланган маҳсулотдан замонавий мебеллар ишлаб чиқарадиган янги корхона фойдаланишга топширилди
Термиз шаҳрида барча турдаги мебель жиҳозлари ва замонавий МДФ эшикларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Комфорт мебель сервис” масъулияти чекланган жамиятининг қўшимча замонавий хориж ускуналари билан жиҳозланган янги мебель ишлаб чиқариш корхонаси фойдаланишга топширилди.
Хабарингиз бор, Президентимиз 2017 йил 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида “Surxon KSP-Grand” масъулияти чекланган жамиятининг қамиш заррачали плиталар ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишиб, тегишли вазифаларни берган эди. Шунга мувофиқ корхона таъсисчиси “Surxon sanoat qurilish” компанияси қисқа даврда ёввойи қамишдан самарали фойдаланишнинг кластер усулини жорий этди.
Ҳисоб-китобларга кўра, вилоят ҳудудида 26 минг гектардан ортиқ майдонда ёввойи қамиш ўсади. Ҳар йили куз фаслининг қамишзорлар беаёв ёқилиши воҳанинг Термиз, Музработ каби туманлари ва Термиз шаҳрининг ҳайвонот ва ўсимлик оламига зарар етказиб, экологик муҳитга ўз таъсирини ўтказаётган эди. Бу муаммога чек қўйиш ва табиат инъом этган бебаҳо бойликдан оқилона фойдаланиш учун “Surxon sanoat qurilish” компанияси мутахассислари хориж тажрибасини ўрганиб, қамиш заррачали плиталар ишлаб чиқаришни ўзлаштирди.
“Surxon sanoat qurilish” компанияси негизида ташкил этилган “Surxon KSP-Grand” масъулияти чекланган жамияти дастлабки босқичда хорижда ёғоч қириндисидан тайёрланган қурилишбоп плиталар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бунинг учун 1 миллион 800 минг доллар маблағ сарфлаб, мавжуд бинони реконструкция қилди. Замонавий хориж технологиялари билан жиҳозлади. Бу маблағнинг 987 минг доллари тижорат банки кредитидир. Йилига 1,87 миллион квадрат-метр ҳажмдаги тайёр қурилишбоп материал ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада 150 кишининг бандлиги таъминланди.
Навбатдаги босқичда қамиш заррачали плиталарни ламинатлаш ўзлаштирилиб, бир йилда мамлакатимизга хориждан ўртача 100 миллион долларга харид қилинадиган ДСП материали ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. Тўлиқ маҳаллий хом ашёдан ишлаб чиқарилаётган бу материал ёғоч қириндисидан хорижда тайёрланганига нисбатан арзон, сифатли ва намгарчиликка ҳам чидамлилиги билан катта қизиқиш ўйғотди.