18 ноябрь — Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган. У юртимиз сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.
Байроқдаги мовий ранг – тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва оби-ҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу яхшилик, донишмандлик, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Соҳибқирон Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий эди.
Байроқдаги оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ – поклик, беғуборлик, софлик, орзу ва хаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилиш тимсоли.
Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.
Қизил чизиқлар – вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади.
Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам.
Юлдузлар барча учун руҳоний, илоҳий тисмол саналган. Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Бизнинг ўн икки юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.
Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушуниш лозим.