Шунчалар қолоқмизми… ёҳуд сифатсиз импорт маҳсулотлар бизнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни хонавайрон қилгани ҳақида
Яқинда собиқ иттифоқ давридан қолган рандалаш дастгоҳини сотиб олдим. Жуда яхши сақланган, лекин двигатели йўқ экан. Двигател сотиб олдим, энди шу двигателга тўғри келадиган шкив тополмадим. Токар станогида йўндириш учун катта ҳаражат кетади. Охири қаттиқ ёғочдан шкив ясаб ишлатиб қўйдим. Кўрган танишлар ёғочдан ҳам шкив бўладими дейишди. Ахир илгари ёғочдан станоклар бор эди, жуда сифатли бўларди.
Оддийгина арралаш дастгоҳини ясаш учун олий маълумотли инженер шарт эмас. Тўрт амални биладиган, ўрта мактаб физика дарсидан яхши ўқиган ва металлар хусусиятидан хабардор киши бемалол ясай олади.
Замонавий дуродгорлик дастгоҳларини ясаш учун барча имкониятларга эга цех ва малакали мутахассис зарур бўлади. Кўплаб ишлаб чиқариш учун табиийки, завод керак.
Юртимиздаги барча шаҳарларда камида 3-4 та маиший техникалар ва турли мақсадларда фойдаланиладиган электр жиҳозлари сотувчи дўконлар мавжуд. Сифатига қараб нархи ҳам турлича. Улар ичида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган асбоб-ускуналар йўқ ҳисоби.
Мен ҳам Тошкентдаги машҳур дўконлардан рейсмус, арра, фреза ва яна бир нечта асбоб-ускуналарни сотиб олиб келдим. Эринмасдан ҳар бирини очиб кўрдим. Ҳаммаси оддийгина, илгари алюминий, пулат ва чўян ишлатилган қисмлари пластик билан алмаштирилган. Шунинг эвазига нархи бироз арзон. Юқори сифатлилари эса нархи битта янги машинанинг нархи билан тенг.
Бундан ташқари Хитойдан келтирилган ўта сифатсиз асбоб-ускуналар ҳам дўконларда тиқилиб ётибди, тушунмаган сотиб оляпти.
Шу маҳсулотларнинг барчасини Ўзбекистонда ишлаб чиқарилса, нархи икки баробар арзон бўлиши билан сифати икки марта юқори бўларди.
Мустақил бўлганимизга ҳам ўттиз йил бўлди. Ундан аввал ҳамма колхознинг гаражида темирчилик, пайвандлаш цехлари, токар станоклари бўларди. Туман марказларида эса ўнлаб ишлаб чиқариш цехлари бўларди. Бари хусусийлаштирилди, жойлари эса томорқа бўлди. Шундан сўнг чекка қишлоқларимизгача Хитойнинг сифатсиз маҳсулотлари бостириб кириб келди. Хитойлик ишлаб чиқарувчилар ишли бўлди, биз эса барча имкониятимизни бой бериб бўлдик. Ўзимиз ишлаб чиқара олмаймиз, чунки ишлаб чиқариш учун замонавий заводларимиз йўқ.
Илгари момоларимиз тўқиган гиламлар 40-50 йилда ҳам сифатини йўқотмасди. Ҳозирги сифатлироғи 5-10 йил, сифатсизлари эса 1-2 йилдан ортмайди. Чунки четдан келтирилаётган сифатсиз ва арзон маҳаллий ҳўнармандларни ҳам хонавайрон қилди. Энди чет келтирилаётган сифатсиз маҳсулотларни олишга мажбурмиз.
Ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир кишига ўттиз олти миллион сўмгача кредит ажратилмоқда. Кредит олганлар етарли билими ва тажрибаси бўлмаганлиги сабабли олган кредитини қайтара олмаяпти, оқибатда банк ходимлари ҳам, кредит олганлар ҳам сарсон. Бири иккинчисини қувлаб кун ўтказмоқда
Юз кишига ўттиз миллион сўмдан кредит бергандан кўра шунинг пулига битта замонавий завод қурилганда, юз киши ишларди. Чунки бу пулга энг замонавий дастгоҳлар сотиб олса бўлади.
Баъзи тадбиркорлар замонавий завод қуриш учун уриниб кўришди, лекин импортдан манфаатдор кишилар уларни турли йўллар билан инқирозга олиб борди ва хонавайрон қилди.
Тўғри, жойларда мебел, бетон, ғишт ишлаб чиқарилмоқда. Лекин ғиштни ёки мебелни чет элга экспорт қилмаймиз-ку. Уларнинг мебели ҳам, ғишти ҳам биздаги қўлбола тайёрланган маҳсулотлардан ўта сифатли.
Агар юртимизда оғир саноат ривожлантирилиб, халқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш тўғри йўлга қўйилса, ишонч билан айтаманки, яқин ўн йилларда Ўзбекистон дунёнинг ривожанган давлатлари орасидан ўрин олади. Ана унда ёшларимиз чет элларга иш излаб бормайди, аксинча чет элликлар бизга иш сўраб келади.
Оловжон