Kasbim-faxrim

Ишдан ноҳақ бўшатилган ходим иши. Ангор тумани ҳокимлиги нега суд қарори ижросини пайсалга солмоқда?

Kun.uz’га Сурхондарё вилояти Ангор туманида истиқомат қилувчи фуқаро Эркин Гаппаров томонидан мурожаат йўлланди. Аризада у муқаддам «Охунбобоев» маҳалла фуқаролар йиғинининг масъул котиби лавозимида ишлагани, ноҳақ ишдан бўшатилиб, судга мурожаат қилишга мажбур бўлгани, Ангор тумани ҳокимлиги судларда ютқазгани, аммо қарор ижроси бажарилмаётганини билдирган.

Гаппаров ноқонуний ишдан бўшатилганини важ қилиб фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судига мурожаат қилган. Суд 2019 йилнинг 20 август кунидаги ҳал қилув қарори билан унинг даъвосини қаноатлантирган. Туман ҳокими фармойишининг унга тегишли қисми бекор қилинган. Қарорда ишга тиклаш дарҳол ижрога қаратилиши, ҳокимлик ҳисобидан Гаппаров фойдасига мажбурий бекор юрган 3 ой вақти учун иш ҳақи ва масъул котибнинг ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда маънавий зарар ундирилиши кўрсатиб ўтилган.

Ҳокимлик норози бўлган ва қарор устидан Сурхондарё вилоят судига апелляция шикояти киритган. Асос сифатида «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан барча ходимлар эгаллаб турган вазифаларидан озод қилингани, «Охунбобоев» МФЙ йиғини Гаппаров билан меҳнат шартномаси тузмагани, унга майда безорилик қилгани сабаб 15 сутка қамоқ жазоси берилгани, моддий ҳуқуқ нормаларини бузгани кўрсатиб ўтилган.

«Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасига кўра, фуқаролар йиғинининг масъул котиби фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) тақдимига кўра фуқаролар йиғини томонидан тасдиқланади. Масъул котиб билан фуқаролар йиғини номидан меҳнат шартномаси тузиш ва бекор қилиш ваколати фуқаролар йиғини раисига берилган.

Судга тақдим қилинган ҳужжатларга кўра, маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гаппаровни ишдан бўшатиш ҳақидаги аризаси олмаган ва уни ишдан бўшатиш ҳақида буйруқ чиқармаган.

Туман ҳокими У.Турапов номига ёзилган аризада эса Гаппаров ваколати бўлмаган ҳокимдан 1 июнь санасидан бошлаб ишдан бўшатилишини сўраган. Туман ҳокими эса 30 май кунидан (1 кун аввал) ишдан бўшатиш ҳақида фармойиш чиқарган. 28 майда Гаппаровга майда безорилиги сабаб 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган бўлган.

«Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонун, меҳнат кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни асос қилиб биринчи инстанция суди асосли хулосага келган.

Сурхондарё вилоят суди ҳам ишни кўриб чиқиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлдириш йўли билан ўзгаришсиз қолдиради. Ажримда ҳокимликдан Гаппаровга мажбурий бекор юрган вақти учун (солиқ ва бошқа чегирмаларни ушлаб қолган ҳолда ҳисоблаб) 4 705 540 сўм иш ҳақи ва 1 102 861 сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланди.

Биринчи инстанция судидан сўнг, Гаппаровнинг ноқонуний ишдан олиниши  масаласи ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлганди. Шунда Сурхондарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Ангор тумани ҳокимлиги фуқаро Э.Гаппаровнинг маҳалла котиби лавозимига қайта тикланиш ёки тикланмаслик масаласига Сурхондарё вилоят суди апелляцияси судлов ҳайъати ҳал қилув қарори асосида аниқлик киритилишини маълум қилганди.

Гаппаровга кўра, ҳокимлик билан бу муаммо шу йилнинг апрель ойида бошланган. «Ўшанда туман ҳокими катта йўлни тозалаш бўйича кўпчиликка топшириқ берганди. Мен президентимизнинг мажбурий меҳнат бўйича айтган танқидларидан кейин бунга унамаганман. Ҳамма лавозим йўриқномасида кўрсатилган ўз ишини қилгани яхши.

Камига жараён вақти бирор фалокат юз бериб, ходимим азият чекса, калтак менинг бошимда синиши аниқ. Туман ҳокимларини яхши биламан, шунақа вақтда «мен буюрмаганман» дейишдан нарига ўтолмайди. Шулар сабаб рози бўлмагандим. Барча тортишувлар шундан бошланди.

Ҳозир эса судларда ютган бўлсам ҳам «истаган жойингга бор, суд қарорини бажармайман, олий судни кутасан» дейишмоқда. Маҳалла раисига борсам, «ҳоким билан келишиб ҳал қилиб олинглар» демоқда. Етказилган моддий ва маънавий зараримни ҳам беришмаяпти. Бормаган ташкилотим қолмади», дейди Гаппаров.

Шундан сўнг, туман ҳокими матбуот котиби Тўйчи Чориев билан суҳбатлашдик. У мажбурий меҳнат ҳолати бўлганини рад этди. Шунингдек, Гаппаров котиблик қилган маҳалладаги 52 нафар фуқаро унинг фаолиятидан норози бўлиб туман ҳокимига ариза ёзгани, суд қарори ижроси Олий суд натижасига кўра кўриб чиқилишини билдирди.

Туман ҳокимлиги суд қарорини апелляция натижасига кўра Гаппаров ишга тикланиш ёки тикланмаслик масаласи ҳал этилишини билдирганди. Нега туман ҳокимлиги ва ижрочилар ишнинг ижросини пайсалга солишмоқда?

Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 266-моддасига кўра суднинг меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги чиқарилган ҳал қилув қарори дарҳол ижро этилиши керак.

Шунингдек, «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига кўра суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт.

Умид қиламизки, вилоятнинг масъул идоралари Ангор туман ҳокимига қонунларни ҳурмат қилиши ва суд қарорини ижро этиши лозимлигини тушунтириб қўйишади.

Зафарбек Солижонов

Related Articles

Back to top button