Madaniyat

Одам савдосига қарши кураш

Одам савдоси — куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.

БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёл ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Халқаро талабларга мувофиқ, одам савдоси оғир жиноят ва инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузилиши деб таснифланади. Мамлакатлар бунинг учун жазони мустақил равишда белгилайдилар. Одам савдосига қарши курашиш борасида Ўзбекистонда 2008 йили тегишли Қонун қабул қилинган эди. Орадан 12 йил ўтиб, қонун талабга жавоб бермай қолди. Жорий йилнинг 17 августида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Қонунда одам савдосига қарши курашиш бўйича муҳим тамойиллар белгиланиб, асосий тушунчаларга аниқ таърифлар берилган. Бу, ўз навбатида, одам савдоси билан шуғулланувчиларни жиноий таъқиб этиш, шунингдек, жабрланувчиларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялашда қонуний асос бўлиб хизмат қилади.

Миллий қонунчиликда илгари бўлмаган одам савдоси жабрдийдаларини идентификация қилиш ва уларни қайта йўналтириш тушунчалари алоҳида бобда акс этган. Вояга етмаганлар савдосининг олдини олиш ҳам муҳим жиҳат ҳисобланади. Қонун одам савдоси жабрдийдалари бўлмиш фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш ҳамда давлат органлари ташаббускорлигини ошириш, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси бошчилигида ваколатли органларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга хизмат қилади. Ва энг муҳими, одам савдосига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида холис ва тўғри маълумотларни кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятга етказишга кўмаклашади.

Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш бўйича муҳим қадам қўйилди – янги таҳрирдаги қонун қабул қилинди. Бундан мақсад, одам савдосига қарши кураш масаласида давлат органларининг нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорлигини кучайтиришдир.

Ҳозир республикада 9 мингдан ортиқ нодавлат-нотижорат ташкилотлари мавжуд. Уларнинг 100га яқини одам савдосига қарши курашиш борасида иш олиб бормоқда. Қонунда мазкур йўналишга доир фаолиятни амалга ошираётган давлат органларига кўмаклашувчи ташкилотлар қаторида нодавлат-нотижорат ташкилотлар ҳам белгиланди. Уларнинг ваколат ва вазифалари аниқ кўрсатилди.

Одам савдосига қарши курашда алоҳида йўналишлардан бири – чақалоқлар савдоси. Чақалоқлар савдоси билан  ҳолатларё аввал айтилмаган ёки ҳозир кўпайиб кетди. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида айни мавзу кенг ёритилмоқда. Тергов органлари тақдим этган маълумотлардан Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида одам савдоси, хусусан, чақалоқлар ва болалар савдоси жиноятлари фош этилганини кўриш мумкин.

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси Ж.Х.Примов

Related Articles

Back to top button