Термиз шаҳридаги “Бобур” боғи» аҳолининг севимли дам олиш масканига айлантирилади
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз шаҳридаги туризм, маданият, маданий мерос ва турар жойлар қурилиши объектларида бўлиб ўрганиш ишларини ўтказди ҳамда Термиз ҳайвонот боғи фаолияти билан танишди.
Дастлабки манзилда вилоят ҳокими Санъат саройи фаолияти билан танишди. Ўрганиш давомида санъат саройи ҳудудидаги амфитеатр ўриндиқларининг синиб қолганлиги, ҳудуди эса чиқиндиларга тўлиб, дарахтларга ишлов берилмаганлиги танқид қилинди. Амфитеатрнинг бу ҳолга келиб қолишига томошабин бўлган Санъат саройи ободонлаштириш департаменти директори вазифасидан озод этилди.
Республикадаги мавжуд учта ҳайвонот боғидан бири бўлган, катталиги жиҳатидан иккинчи ўринда турадиган Термиз ҳайвонот боғи 1934 йилда ташкил этилган. Термиз ҳайвонот боғини реконструкция қилиш учун Республика бюджетидан 24 млрд сўм, маҳаллий бюджетдан 5,5 млрд сўм маблағ ажратилган. Ҳозирда ҳайвонот боғида 4 турдаги ҳайвон бўлимларида 135 турдаги 846 бош, шундан, қизил китобга киритилган 56 турдан кўпроқ ҳайвонлар сақланиб келинмоқда.
Вилоят раҳбари Термиз ҳайвонот боғи фаолияти билан танишар экан, маскан фаолиятини ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳарни кенг жалб қилиш мақсадида янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ноёб ҳайвон турларини кўпайтириш бўйича ўзининг таклиф ва тавсияларини берди.
Шундан сўнг, вилоят Филормония бўлими биноси, вилоят Қўғирчоқ театри ҳамда “Бобур” боғи кўздан кечирилди. Вилоят Филормония бўлимини таъмирлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш топшириғи берилди. Вилоят раҳбари, шунингдек, “Бобур” боғини аҳолининг севимли масканига айлантириш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳалар тақдимоти билан ҳам танишиб, лойиҳалар бўйича ўзининг тавсияларини бериб ўтди.
Бундан ташқари Термиз шаҳри “Саховат” маҳалласи, Истиқлол ва Беруний кўчалари кесишувида 9 қаватли, шаҳарнинг Алишер Навоий кўчаси ёқасида қурилиши режалаштирилаётган биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари бўлган 12 қаватли турар-жой биноларининг лойиҳа таклифлари ва тақдимотлари билан ҳам танишилди.
Шунингдек, шаҳар ҳудудида яшил майдонларни кенгайтириш, воҳа об-ҳавоси ва табиатига мос бўлган дарахт турларини экиш бўйича масъулларга чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати