Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилишида иштирок этади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикаси Президенти, Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши раиси Александр Лукашенконинг таклифига биноан 2020 йил 11 декабрь куни Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)нинг видеоанжуман шаклида ўтадиган саммитида иштирок этади.
Тадбирда ЕОИИга аъзо давлатлар – Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, шунингдек, кузатувчи мақомидаги Молдова ва таклиф этилган мамлакат сифатида Куба етакчилари иштирок этади.
Ўзбекистон Республикасига ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш саммит кун тартибидаги асосий масалалардан биридир.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг устувор йўналишларини белгилаб бериши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, шу йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи фаолиятида кузатувчи давлат мақомида иштирок этиши тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди.