Kasbim-faxrim

Ажримлар камайгани оилалар мустаҳкамлигидан дарак

Истаймизми йўқми, пандемия сабабли ўз-ўзини яккалаш, транспорт қатновидаги чекловлар одамларга ноқулайликлар туғдириши бор гап. Бироқ, бугунги вазиятда ушбу қатъий карантин қоидаларига оғишмай амал қилиш ўзимиз ва яқинларимиз саломатлиги учун зарур ҳисобланади. Пандемик шароитни ҳисобга олган ҳолда Давлат хизматлари агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан имкон қадар юртдошларимизга енгилликлар яратишга ҳаракат қилинмоқда. Жумладан, ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан янги дунёга келган чақалоқларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилгач, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар туғруқхонанинг ўзига борган ҳолда ота-оналарга топширилмоқда. Сариосиё туманидаги 2-сонли ФҲДЁ бўлими томонидан туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда куни кеча туғруқхонанинг ўзида тўрт нафар оилага фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари ҳамда ФҲДЁ жамоасининг совғаси тантанали равишда топширилди. Шубҳасиз, бу имконият шундоқ ҳам бахтиёр оилаларга янада бахтиёрлик улашмоқда.

“Фарзандини дунёга келтириш қанчалар машаққатли бўлмасин, бу дунёда боласини соғ-саломат қўлига олган онаданда бахтиёр инсон бўлмаса керак. Шукрки, бугун менга ана шундай бахт насиб этди. Шифокорларнинг хулосасига кўра ўзим ҳам болам ҳам соғломмиз. Шунинг учун шифокорлар кеча “эртага уйларингизга жавоб берамиз, боланинг гувоҳномасини олиб келингизлар” дейишганди. Турмуш ўртоғимга бу ҳақда айтганимда, бир иложини қиламиз, ишхонадан жавоб сўраб кўрайчи, дегандилар. Ана шундай вазиятда ФҲДЁ бўлими ходимларининг ўзлари келиб биздан ҳужжатларни олиб кетишгани ишимизни енгил кечишига сабаб бўлди. Мен ҳам, мен сингари бу ердаги барча оналар ҳам бу эътибордан жуда мамнун бўлдик. Худо хоҳласа, ўғлимни Ватанимизга хизмат қиладиган мард ва жасур фарзанд қилиб тарбиялайман” – дейди Зарина Тошева.

Бахтнинг боласига алла айтиб бешик тебратаётган онанинг тасвириданда гўзал акси бўлмаса керак. Минглаб, миллионлаб оилаларнинг ана шу қувончига шерик бўлаётган, таъбир жоиз бўлса, никоҳни расмийлаштириш орқали йўл очиб бераётган ФҲДЁ идоралари ҳам гувоҳи бўлганингиздек кун сайин одамларга яқин бўлиб бормоқда. Фуқаролик ҳолатларини расмийлаштиришга доир маълумотлар ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда кўнгилни равшан қиладиган ижобий ўзгаришлар кўзга ташланади. Масалан, 2019 йилнинг 7 ойи давомида 38 минг 150 та туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар расмийлаштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 1 минг 429 тага ортиб, 39 минг 579 тани ташкил қилмоқда. Қувонарлиси шундаки, никоҳни бекор қилиш билан боғлиқ ҳолатларда ҳам сезиларли камайишлар кўзга ташланмоқда. Масалан, ўтган йилнинг 7 ойида Сурхондарё вилоятидаги ФҲДЁ бўлимлари томонидан 1121 та ҳолат қайд этилган эди. Бугун ушбу рақамлар 860 тани ташкил қилмоқда. Албатта, бу кўрсаткич оилаларни яраштириш йўлида жойлардаги ФҲДЁ бўлимлари томонидан олиб борилаётган мақсадли чора-тадбирлар ўз самарасини бераётганидан далолат.

Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси ҳамда ФҲДЁ бўлимлари ташаббуси билан йўл харитаси тузилиб, ўрганишлар натижасида шу кунга қадар турли сабабларга кўра фарзандларига тегишли ҳужжатлар олмаган фуқаролар аниқланиб, уларга ҳам амалий кўмак берилмоқда.

Инобат Тошбадалова,
ДХА Сурхондарё вилоят бошқармаси бош маслаҳатчиси

Related Articles

Back to top button