ВИЛОЯТИМИЗДА “АҚЛЛИ” ГАЗ ҲИСОБЛАГИЧЛАР ЎРНАТИЛИШ ИШЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА
Ҳозирги кунда табиий газ турмушимизга шу қадар кириб борганки, кундалик ҳаётимизни қўйинг, бутун дунё цивилизациясини усиз тасаввур қилиб бўлмайди. Одамзод ва техника учун табиий газдан фойдаланиш жуда катта қулайликларни яратади.
Табиатни бу бебаҳо бойлигидан доимо фойдаланамиз, лекин ҳаммамиз ҳам унинг қадрига етавермаймиз. Жаҳон ҳамжамияти аллақачон ёқилғи-энергетика заҳиралари чексиз эмаслигини англаб етганлиги ҳеч кимга сир эмас.
Ўзбекистонда ҳам замон талабларига мувофиқ газ таъминоти тизимида газдан оқилона ва хавфсиз фойдаланишнинг энг илғор технологияларни жорий этиш амалга оширилмоқда. Янги технология аҳоли хонадонларидаги мавжуд газ ҳисоблагичларни янги замонавий “ақлли” электрон газ ҳисоблагичларга алмаштиришни кўзда тутади.
Шу мақсадда, 2019 йил 31 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Айни кунларда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида “ақлли” газ ҳисоблагичлар ўрнатиш ишларига 77 дан зиёд бригадалар ва 7 дан ортиқ қурилиш-монтаж фирмалари жалб қилинган. Мазкур фирмалар томонидан ўрнатилган газ ҳисоблагичларининг сифати доимий назоратга олинган. Ҳисоблагичларни нотўғри ўрнатиш ҳолатлари аниқланганда, шартномага мувофиқ, мазкур фирма ўз ҳисобидан камчиликларни тўғрилаши лозимлиги белгилаб берилган. “Ақлли” газ ҳисоблагичларини ўрнатиш жараёнида “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали мутахассислари томонидан истеъмолчиларга ҳисоблагичнинг қулайликлари, ишлаш жараёни ҳақида зарур тушунчалар берилмоқда. Бугунги кунга қадар, вилоят миқёсида 22 117 дан ортиқ табиий газ истеъмолчилари хонадонларига электрон газ ҳисоблагичлари ўрнатилди. 21 183 дан ортиқ истеъмолчиларнинг газ ҳисоблагичлари “BillingGaz” тизимига уланди.
Шуни таъкидлаш, керакки, аҳоли хонадонларига ушбу газ ҳисоблагич, ҳимоя қутиси, регулятор (босим ростлагич) ва газ ҳисоблагични ўрнатиш учун барча зарур бўлган эҳтиёт қисмлар “Hududgazta’minot” АЖ томонидан мутлоқо бепул ўрнатилмоқда. Агарда, газ ҳисоблагич ўрнатиш жараёнида сиздан пул талаб қилинса, 104 қисқа рақами ёки 76-221-05-97 телефон рақамига қўнғироқ қилиб хабар беринг– дейди, “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали АСКУГ бўлими бошлиғи Шерзод Рахмонов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 сентябрдаги “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПҚ-4840-сон Қарори асосан, 2021 йилнинг биринчи сентябргача вилоятда 85 716 дона газ ҳисоблагичларни ўрнатиш режалаштирилган.
«Hududgaz Surxondaryo» газ таъминоти филиали матбуот хизмати