O`zbekiston

Олмазор тумани бўйича истиқболли режалар белгилаб олинди

Президент Шавкат Мирзиёев мутасадди раҳбарлар иштирокида Олмазор тумани фаоллари, нуронийлар билан учрашув ўтказди.

— Охирги уч йилда Олмазорга тўртинчи марта келяпмиз. Туманда ўзгариш бўляптими, одамлар манфаат кўряптими, нима муаммолар бор, деган саволлар мени қийнайди. Бугун натижаларни таҳлил қилиб, сизлар билан бамаслаҳат янги йўналишлар ва режаларни белгилаб олишимиз керак, — деди давлатимиз раҳбари.

Туманда камбағалликни қисқартириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириб, янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.

Уйма-уй юриш орқали Олмазорда 3 минг 23 та ёрдамга муҳтож оила борлиги аниқланган. Шундан 568 оила аъзоси ишга жойлаштирилиб, ёрдамга муҳтожлар тоифасидан чиқарилди. Бош вазир ўринбосари қолган 2 минг 455 оилани йил охиригача камбағалликдан олиб чиқиш бўйича ҳисобот берди.

Жорий йилда қиймати 3 триллион сўм бўлган 48 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиши режалаштирилган. Бош вазир ўринбосари тўлиқ ишлатилмаётган 12 та давлат объекти ва илгари хусусийлаштирилиб, ҳозир бўш турган 97 та бино ва ер майдонлари негизида янги корхоналарни ташкил этиш бўйича лойиҳа таклифларини тақдимот қилди.

Давлатимиз раҳбари янги лойиҳалар учун имкониятларни кенгайтириш мақсадида Тошкент туманининг Олмазорга яқин ҳудудидан 200 гектар ер ажратиб, янги саноат зонаси барпо этишни таклиф қилди. У ерда ташкил этиладиган корхоналарда камида 60 мингта янги иш ўрни яратиш мумкин бўлади.

“Чорсу бозори”, Зарқайнар, Сағбон, Себзор, Қорасарой, Гўзалбоғ ва бошқа кўча-маҳаллаларда, жами 482 гектар майдонда замонавий туристик, савдо ва дам олиш маскани – “очиқ осмон остидаги музей” барпо этилади. Бу ерда ҳунармандчилик дўконлари ва расталари, чойхона ва меҳмонхоналар, кичик музейлар ташкил этилади.

“Агрегат” заводини Чирчиққа кўчирган ҳолда, унинг ҳудудида Олмазор аҳолиси учун 12-14-16 қаватли арзон уйлар қуриш, Тошкент туманида Олмазорга яқин ҳудудда 260 гектар ерда 150 минг аҳолига мўлжалланган йўлдош шаҳарча барпо этиш бўйича топшириқлар берилди.

Жамоатчилик вакиллари туманда амалга оширилаётган ишлар бўйича фикр ва таклифларини билдирди.

Related Articles

Back to top button