Ошган жиноятлар хусусида

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, Жиноят кодексида ўғирлик жинояти учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган.
Бироқ, сўнгги вақтларда ўғирлик жинояти баъзи жойларда кўпайиб, ўзганинг мулкини ўғирлик йўли билан қўлга киритишни ўзига касб қилиб олганлар ҳам орамизда учрамоқда.
Хусусан, фуқаро А.Г ва Ж.А ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиб бойлик орттириш мақсадида, бир гуруҳга бирлашиб, 2025 йил 8 апрель куни соат 14:00ларда Денов туманида яшовчи фуқаронинг яшаш хонадони орқа катта кўчага қараган томонида арқон билан боғланган ҳолда турган бозорда сотилиш баҳоси 2.200.000 сўм бўлган 1 бош сариқ рангли қўйини ўғирлаган.
Шунингдек, А.Г ва Ж.А жиноий хатти-ҳаракатларини қасддан такроран давом эттириб, бир гуруҳга бирлашиб, 2025 йил 15 апрель куни соат 10:00ларда Денов туманида жойлашган фуқарога тегишли бўлган қўрахонасида турган бозорда сотилиш баҳоси 2.200.000 сўм бўлган 1 бош қора рангли қўйни яширин равишда талон-торож қилиб кетаётган вақтда атрофда бўлган одамлар уни кўриб қолганлиги сабабли жиноятни охирига етказолмасдан ҳодиса жойидан яширинган.
Суд ҳукми билан А.Гга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “в” банди, 25,169-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57, 59,60,61-моддалари тартибида узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ж.Ага Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “в” банди, 25,169-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57,59,61-моддалари тартибида узил-кесил 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими билан судланувчиларга тайинланган жазолар ўзгаришсиз қолдирилган.
Жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини эслатиш ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси
М.Маликов




