Bu qiziq

Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 23 октябрдаги “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1092-сонли Қонунининг мазмун-моҳияти

Мустақиллик йилларининг дастлабки кунларидан мамлакатимизда бола ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Хусусан, кейинги йилларда мамлакатимизда вояга етмаганларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини давлат томонидан кафолатлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарликни янада либераллаштириш, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсни судланмаган деб ҳисоблашнинг алоҳида тартибини белгилаш зарурияти юзага келди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 23 октябрда “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан ўзбекистон республикасининг жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1092-сонли Қонуни билан вояга етмаганларнинг ҳуқуқ-манфаатлари қонун ҳимоясига олинди.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 

Ушбу Кодексга ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланишини, вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклашнинг ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекснинг беш қисмдан иборат бўлган 77-моддаси «Ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун тайинланган жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган ҳисобланади, бундан ўта оғир жиноятлар ёки содир этган жинояти учун тайинланган жазони ўтаб бўлганидан кейин ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар қасддан янги жиноят содир этиш ҳоллари мустасно»лиги ҳақида олтинчи қисм билан тўлдирилди.

Шунингдек, ушбу кодекснинг вояга етмаганлар жавобгарлигининг хусусиятларини белгилаб берувчи олтинчи бўлими 841-моддасида вояга етмаганларга нисбатан тайинланиши мумкин бўлган озодликни чеклаш жазосининг муддатларига ўзгартириш киритилди.

Жумладан, ушбу ўзгартириш билан воягва етмаганларга нисбатан тайинланиши мумкин бўлган озодликни чеклаш жазосининг минимал муддати олти ойдан бир ой мудатга ўзгартирилди.

Шу билан бирга вояга етмаганларга нисбатан яна тайинланиши мумкин бўлган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ҳам минимал муддати олти ойдан бир ой муддат белгиланиб, 85-модданинг биринчи қисми ўзгартирилди.

Ушбу Қонун вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигини янада либераллаштиришга хизмат қилади ва ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсга ҳаётини судланганлик тамғасидан ҳоли тарзда давом эттириши учун шароит яратади.

Жиноят ишлари бўйича

Термиз туман судининг тергов судьяси                  

О.Абдурасулов

Related Articles

Back to top button