Bu qiziq

Рубль нега мустаҳкамланмоқда?

Кеча оқшомга яқин 25 февралдан бошлаб ҳисоблаганда рублнинг энг кўп мустаҳкамланиш ҳолати кузатилди. 1 АҚШ доллари учун 86,28 рубль, ўзимизда эса 1 рубль учун 128,57 сўмгача расмий курслар қайд этилди.

Хўш нега рубль мустаҳкамланмоқда, бу жараённинг рус газини рублга сотиш режаларига алоқаси борми?

Аввало айтиш лозимки, газни рублга сотиш механизми ҳалигача аниқлашмаган, бирон куб газ рублга сотилгани йўқ, биронта йирик Европа давлати газни рублга сотиб олишга розилик ҳам бергани йўқ. Яъни, газни рублга сотиш хоҳишлари ғирт психологик трюк ва келишиш қийин бўлган ультиматумлигича қолади.

Иккинчидан, 24 февралдан кейин Россия Марказий банки рублга талаб ҳосил қиладиган барча хорижий ва норезидент каналларни ёпиб ташлади. Бу фонд бозорига таалуқлими, фоизларми ёки дивидендларми, фарқи йўқ. Россияни тарк этаётган ёки тарк этишини эълон қилган хорижий компаниялар ва норезидентлар Россиядаги активларини олиб чиқиши учун уни долларга айлантириши керак. Россия Марказий банки бунга тўлиқ табу қўйди. Табиийки, рублга бўлган энг катта талабни йўққа чиқарди.

Учинчидан, Россия Марказий банки Россия резидентлари учун ҳам хорижга валюта олиб чиқишга, нақд валюта сотиб олишга ёки ўтказишга чекловлар ўрнатди. Шу ўринда Visa ва Mastercard тизимлари Россиядаги сегментни ўчириш ҳисобига русларнинг мақсадга эришишига ёрдам бериб юборди. Бошқача айтганда, Россия чакана резидентларининг долларга бўлган талаби ҳам ўлдирилди.

Тўртинчидан, жуда кўплаб ғарб компаниялари Россия билан ишлашдан воз кечгандан кейин, қатор ташув корпорациялари Россия юкларини манзилга элтишни тўхтатгач, рус импортерлари учун хориждан товар келтиришга рағбати ҳам вақтинча тўхтади. Чунки логистика муаммолари ва эҳтимолий йўқотишлар импортни жисмонан имконсиз қилиб қўйиши мумкин. Демак, импортчиларнинг долларга нисбатан талаби ҳам энг минимал даражагача туширилди.

Бешинчидан, бозорда рубль ликвидлиги мавжуд эмас. Марказий банкнинг қаттиқ сиёсати туфайли сунъий равишда рубль дефицити яратилмоқда, хусусан асосий ставкани бирдан 20%гача олиб чиқилиши билан. Буни савдолар ҳажмидан ҳам билиш мумкин, кунлик савдолар ҳажми 24 февралгача бўлганидан каррасига камроқ. Рубль таклифи етарли бўлмагач, долларнинг тушиши узоқ куттирмайди.

Олтинчидан, экспортерлар учун 80%лик мажбурий сотув долларга нисбатан сунъий равишда пасайтирилган талаб ҳажмини ортиғи билан қопламоқда.

Бошқача қилиб, содда тилда айтганда, доллар сотиш мумкин, лекин доллар сотиб олишга барча асосий рағбатлар ўлдирилди ёки талаблар тақиқланди.

Энди кўпчиликда савол туғилиши мумкин. Бу сиёсат қанча муддат давом этиши мумкин? Ҳа, бир ҳафта, ўн кун давом этиши, чекланган валюта режими сиёсати ойларга чўзилиши мумкин. Биз ҳатто кейинги ҳафталарга 1 доллар 75 рубль кўрсаткични ҳам кўришимиз мумкин. Лекин, қабул қилиш керакки, бу рублнинг бозор ўлчови бўлмайди. Бундай сиёсатдан Россия иқтисодиёти санкциялардан кўра кўпроқ жабр кўради (шартли «Воронежни бомбалаш»). Ишлаб чиқаришнинг кескин пасайиши, товар етишмовчилиги ва захираларнинг тугаши кутилмалари инфляцияни жуда юқори даражага кўтаради. Шартли айтганда рус истеъмолчиси учун 1 долларлик товар 150 рублга етиб боради, гарчи расман 1 доллар 75 рубль деб эълон қилинган бўлсада.

Яъни россияликларни доллар курси эмас, ишсизлик ва инфляция жазолашни бошлайди. Ҳозирча, захиралар мавжудлигида шу консенсусга кўпчилик рози.

@the_bakiroo

Related Articles

Back to top button