Шўрчида Наврўз

Миллий қадриятларимизни ўзида акс эттирган Наврўзи олам юртимизнинг ҳар бир гўшасида ўзига хос тарзда тантанали нишонланмоқда. Ана шундай тантановор руҳда ташкил этилган байрам сайли Шўрчи туманида ҳам кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.
Шарқона янги йил бошланадиган қутлуғ кун — Наврўзи олам асрлар давомида баҳор, эзгулик, меҳр-оқибат, меҳнат ва бунёдкорлик рамзи сифатида эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида беқиёс ўрин тутиб келмоқда.
Миллий маънавиятимизнинг азалдан қандай омил ва мезонлар негизида шаклланиб келаётгани халқимиз учун энг азиз ва энг миллий байрам – шарқона янги йил бўлмиш Наврўз айёми мисолида ёрқин намоён бўлади.
Албатта, янгиланиш, яшариш фасли баҳор, қадриятларимиз, урф-одатларимиз намойиши учун хизмат қиладиган Наврўз – ҳаётга муҳаббат рамзи.
Шўрчи туманида «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз» шиори билан Наврўз тадбири ўтказилмоқда. Тароватли кунларда табиат уйғониб, жонажон диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам кириб келмоқда.
Эзгулик, гўзаллик, ободликни касб этган Наврўз тинчлик, осойишталик, фаровонлик ҳукм сураётган она Ватанимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг қалбида яшашга бўлган иштиёқ, эзгу мақсад, ижод-изланиш завқини тортиқ этади.









