Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.

2025 йил 16 январь куни ЎРҚ-1019-сон Қонун қабул қилинди.
Қонун билан жисмоний шахсларга ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки асирликда сақлаш тақиқланган ёввойи ҳайвонларни сақлаш, шу жумладан одамларнинг соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етказиш билан боғлиқ ҳолатлар учун жавобгарлик белгилаш, шунингдек ҳайвонларни сақлаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилди.
Ҳужжат билан қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:
— Ўзбекистон Республикаси МЖтК 92¹-моддаси билан тўлдирилди, унга кўра жисмоний шахсларга ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки асирликда сақлаш тақиқланган ёввойи ҳайвонларни сақлаш учун жавобгарлик белгиланди.
Ушбу ҳуқуқбузарлик учун фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан
10 бараваригача миқдорда жарима солиш билан ушбу ҳайвонлар мусодара қилиниши белгиланган.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик жиноят аломатлари бўлмаган тақдирда одамларнинг соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етказилишига сабаб бўлса,
-фуқароларга БҲМнинг 30 баравардан 50 бараваригача миқдорида жарима солиш билан ушбу ҳайвонлар мусодара қилинишига сабаб бўлади;
— Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 110-моддасига ўзгартиш киритилди, унга кўра шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ҳайвонларни сақлаш қоидаларини бузганлик, шунингдек мансабдор шахслар томонидан эгасиз ҳайвонларни тутиш ва сақлаш бўйича чоралар кўрилмагани учун жавобгарлик белгиланди.
Ушбу ҳуқуқбузарлик учун фуқароларга БҲМнинг 3 баравардан
5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 5 баравардан 10 бараваригача миқдорида жарима солиш назарда тутилган.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик жиноят аломатлари бўлмаган тақдирда одамларнинг соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етказилишига сабаб бўлса,
-фуқароларга БҲМнинг 10 баравардан 15 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 15 баравардан 30 бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 17.01.2025 йилдан кучга кирди «
Сурхондарё вилоят суди
судья катта ёрдамчиси
З.Ш.Абдимуратов