Madaniyat

Оилавий зўравонликка қарши курашиш хусусида

Мамлакатимизда фуқароларни оиладаги тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари мавжуд.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1261-моддаси “Оилавий (маиший) зўравонлик” деб номланиб, ушбу моддада оилавий (маиший) зўравонлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланган.

Бугун ушбу моддадаги жиноий қилмишларнинг хусусиятлари, ушбу моддадаги қилмишлар кимга нисбатан содир этилса кимлар жавобгар бўлиши ҳақида сўз юритамиз.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1261-моддаси 1-қисмида, “Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, шунингдек башарти бошқа жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса” жиноий қилмишлар учун жавобгарлик белгиланган.

Яъни, ушбу моддадаги жиноий жавобгарликни келтириб чиқарувчи омил жиноий қилмиш хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлиши ҳисобланади.

Оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарликни алоҳида белгилангани бу турдаги жиноятчиликка кескин кураш олиб борилаётганидан далолат беради.

Жавобгарликнинг муқаррарлигини англаш ва қонунлар ҳақида маълумотга эга бўлиш ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят суди

жиноят ишлари бўйича судьяси

М.Маликов

Related Articles

Back to top button