O`zbekiston

“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти жамоасига

Қадрли дўстлар!

Аввало, сиз, азизларни – Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг кўпмиллатли аҳил жамоасини Ўзбекистон саноатининг фахри бўлган ушбу йирик ишлаб чиқариш мажмуаси ташкил этилганининг 75 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Ўзининг шонли анъаналари билан дунё миқёсида шуҳрат қозонган бу кўп тармоқли комбинат сизлар каби юксак малакали кончи ва мутахассислар, ишчи ва хизматчиларнинг фидокорона меҳнати билан республикамизнинг иқтисодий қудрати ва халқимиз фаровонлигини оширишга улкан ҳисса қўшиб келмоқда.

Мамлакатимиз иқтисодиётида мавжуд хомашё захираларидан самарали фойдаланиш ва илғор технологияларга асосланган миллий саноатни ривожлантиришдек устувор вазифани адо этиш мақсадида кейинги йилларда бу ерда кенг миқёсдаги модернизация ишлари амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда гапирганда, “Қалмоққир”, “Ангрен”, “Чодак”, “Хонжиза” майдонлари ва янги очилган “Ёшлик – 1” конидаги хомашёни чуқур қайта ишлайдиган 6 та корхона ва 5 та бойитиш фабрикаси, мис эритиш ва рух заводлари ҳамда бошқа ишлаб чиқариш инфратузилмалари барпо этилганини қайд этиш лозим. Ана шундай муҳим ўзгаришлар туфайли комбинат мис ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги ўттизта энг йирик мажмуа қаторидан муносиб ўрин олгани барчамизни албатта мамнун этади.

Бугунги кунда бу ерда йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлайдиган 3-мис бойитиш фабрикаси қурилиши якунига етказилмоқда. Яқинда Олмалиқда бўлиб, сизлар билан биргаликда ана шундай қувватга эга бўладиган 4-мис бойитиш фабрикаси қурилишини бошлаганимиз ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу фабрикалар ишга тушиши билан комбинат бўйича йилига 160 миллион тонна хомашёни қайта ишлаш имкони пайдо бўлади. Айтиш керакки, бу – Ўзбекистон саноати тарихидаги мислсиз натижадир.

Саноатнинг драйвер соҳаларини ривожлантириш ва ҳудудлар салоҳиятини тўлиқ ишга солишга қаратилган жадал ва тизимли ишларимиз туфайли комбинатда Тошкент вилояти аҳолиси учун минглаб янги иш ўринлари яратилиши диққатга сазовордир.

Азиз юртдошлар!

Маълумки, биз табиий бойликларни ўзлаштириш учун йирик инвестицияларни жалб этиш, саноат соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш масаласига устувор аҳамият бермоқдамиз.

Шу мақсадда комбинат таркибида ташкил этилган, дунёдаги илғор тажрибалар, жумладан, дуал таълим дастурларига мувофиқ фаолият юритаётган Муҳандислик мактабига биз катта ишонч билан қараймиз. Шунингдек, Олмалиқдаги Тошкент давлат техника университети ҳамда Москва пўлат ва қотишмалар институти филиаллари ҳам бу борада олдимизда турган вазифаларни бажаришга катта ҳисса қўшаётганини таъкидлаш лозим. Биз ушбу олийгоҳларнинг
моддий-техник ва ўқув-методик базасини мустаҳкамлаш ишларини давом эттирамиз.

Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш учун комбинат ишчи ва хизматчиларининг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш, уларнинг иш ва дам олиш шароитларини яхшилашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Келгусида бу йўналишдаги ишларимиз албатта янги босқичга кўтарилади.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги байрам муносабати билан Ватанимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган мажмуанинг бир гуруҳ ишчи-хизматчиларини чин дилдан табриклаб, келгуси ишларида янги муваффақиятлар тилайман.

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим ва ажралмас бўғинига айланган, кучли иқтисодиётга эга бўлган Янги Ўзбекистон давлатини барпо этишда Олмалиқ кон-металлургия комбинати каби етакчи саноат корхоналарининг беқиёс ўрни ва аҳамиятини мустаҳкамлашда сизларга янгидан-янги зафарлар тилайман.

Барчамиз учун қадрли, шонли тарих ва ёруғ келажакка эга бўлган комбинат ҳаётидаги бугунги қутлуғ сана билан сизларни яна бир бор муборакбод этиб, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, меҳнат фаолиятингизда омад ва муваффақият тилайман.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Related Articles

Back to top button