Kasbim-faxrim

ЎРҚ-943-сонли Қонун суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлайди

Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 20 февралда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2024 йил 30 мартда маъқулланган “ Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга хамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан 2024 йил 14 август куни имзоланди.

Қонун билан бугунги кунда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институтини такомиллаштириш орқали процессуал кодексларга фуқаролар учун кулай ҳамда соддалаштирилган тартибни яратишга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бундан ташқари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритишига ва судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид конституциявий кафолатлар белгилаб қўйилганлиги судлар фаолияти самарадорлигини ошириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Мазкур конституциявий кафолатларни ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилиш, шунингдек суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлаш, қонунчиликдаги айрим бўшлиқларни ва зиддиятларни бартараф этиш зарурияти юзага келмоқда.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилишни, ўз навбатида судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боришини, шунингдек суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу Қонун суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга, жамиятнинг судлар фаолияти тўғрисида мунтазам ахборот олиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асосларни яратишга, судьялар зиммасига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бирор-бир мажбурият юклатилишининг олдини олишга ҳамда улар фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга, шунингдек қонунчиликдаги айрим бўшлиқлар ва зиддиятларни бартараф этишга хизмат қилади.

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги таъминланмасдан одил судловни амалга оширишда ижобий натижаларга эришиб бўлмайди.

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг

девонхона мудири З.Ш.Абдимуратов

Related Articles

Back to top button