Сурхондарёда сайлов комиссиялари тузилди
Бугун Сурхондарё вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Унда Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларини тузиш тўғрисидаги масала кўрилди.
Вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Зебунисо Алимардонова бошқариб борган мажлисда Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан тавсия этилган округ сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари, котиби ва комиссиянинг олти — саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат номзодларнинг таркиби таҳлил этилди.
Унга кўра, шаҳар ва туманлар бўйича 478 нафар аъзонинг 383 нафари аввалги сайловларда қатнашган бўлса, 95 нафар нафари биринчи маротаба иштирок этмоқда. Номзодларнинг 247 нафари халқ таълими, 17 нафари олий таълим тизими, 100 нафари бошқа давлат идоралари ва муассасалари, 51 нафари ўзини ўзи бошқариш органлари, 29 нафари жамоат ташкилотлари ва 21 нафари бошқа нодавлат фаолият соҳаси вакиллари, 13 нафари нодавлат-нотижорат ташкилотлар ходимларидан иборат. Уларнинг 190 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.
Комиссия аъзолигига номзодларнинг 389 нафари олий, 86 нафари ўрта-махсус, 3 нафари ўрта маълумотли бўлиб, педагоглар 258, иқтисодчилар 59, муҳандислар 42, шифокорлар 33, ҳуқуқшунослар 7, журналистлар 3 ва бошқа касб эгалари 76 нафарни ташкил этади.
Видеоконфиренцалоқа шаклида ўтказилган мажлис якунида Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 50 та округ сайлов комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, комиссиялар аъзолари таркиби тасдиқланди.