Bu qiziq

Оғуфурушлик

Ўхшаш сурат

Инсон ҳаётда яшар экан, яхшиликка интилиб, ёмонликдан қайтиб яшашга ҳаракат қилади. Лекин “яхшилик” ва “ёмонлик” тушунчаларига ҳар ким ҳар хил таъриф беради. Ҳаёт эзгулик билан гоўзал. Аммо баъзан эзгуликка ёвузлик кўланка солади. «Оғуфурушлик” номини олган гиёхвандлик инсоннинг осуда ҳаётига рахна солиб, онгини ўзига бўйсундирувчи заҳри қотилдир. Бу шундай қуролки, ўз домига илинтирган одамни разолат дунёсига етаклайди ва бу жараёнда инсон жамиятдаги ўрнини йўқота бошлаганини англамай қолади.

Гиёҳвандлик – ХХI асрнинг глобал муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Ўрта асрларда инсоният ҳаётига жиддий хавф солган вабо ва ўлат каби офатлар, бугунги сивилизатсия замонига келиб ўз ўрнини гиёҳвандлик иллатига бўшатиб берди, десак асло муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, қанчалик қийин бўлмасин, биз ёшлар тарбияси бўйича ўзимизга хос ва таъсирчан, бугунги кунга ҳамоҳанг усулларни излаб топишимиз керак. Жондан азиз фарзандларимизни бузғунчи ва зарарли ғоялар, жиноятчилик, гиёҳвандлик, лоқайдлик, маънавий қашшоқлик кайфиятидан асрашимиз зарур. Соғлом турмуш тарзини олиб бораётган киши билиб-билмай бу кўчага кириб қолса, ўзининг тинч, фаровон ва бахтли ҳаётини қора зулматга айлантириши айни ҳақиқат. Гиёҳванд киши нафақат ўзига, балки яқинларига ҳам тўхтовсиз азоб беради.

Ундан туғилажак фарзандлар эса ота-онасининг хатоси оқибатида бир умрга мажруҳлик қисматига мубтало бўладилар. Зеро, фақат соғлом ота-онадангина соғлом зурриёд дунёга келади. Соғлом бола эса фаровон келажак демакдир.  Баъзан гиёҳвандлик қурбонига айланиб қолган инсонларнинг қисматини кўриб, уларга нисбатан нафрат, қаҳр ва раҳм туйғуларининг уйғониши табиий. Уларнинг қуриётган дарахт мисол умри эвазига айрим қора ниятли ёвуз кимсаларнинг ҳамёни тўлмоқда. Қиёфаси одам, қилмиши зулм бўлганларнинг қора оғуни вояга етмаган ёшлар орасида тарқатиб, уни истеъмол қилишга тарғиб қилаётганига жим қараб туриб бўлмайди, албатта. Статистик маълумотларга кўра дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Бунинг оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади. Давлатимизнинг оқилона сиёсати фуқаролар жамиятининг ҳар томонлама комил, соғлом, олийжаноб фазилатлари, юксак тафаккури ва маънавияти, ижтимоий фаоллиги билан ажралиб турадиган намунали жамият бўлишига қаратилган. Мана шу халқчил сиёсатга асосланган давлатимиз барча турдаги гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб бормоқда.

Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда “оғуфурушлик” деб ном олган гиёҳванд­ликнинг инсон соғлиғига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида баралла айтилмоқда ва кенг тушунтирилмоқда.

Дунёқараши эндигина шаклланиб бораётган, бор куч-ғайратини фақат билим олишга, изланишга, ҳунар ўрганишга сарфлаши керак бўлган бир пайтда, ўсмирларни алдов йўли билан гиёҳвандлик қурбонига айлантираётган кимсалар озми? Қанчадан-қанча оилаларнинг ёстиғини қуритаётган гиёҳвандликка қарши ҳар бир инсон ўзи курашмоғи, ташқи таъсирлардан ҳимояланмоғи лозим. Соғлом авлод ўтмиши қадим, тупроғи олтин, осмони мусаффо Ўзбекистоннинг келажак ворисларидир. Уларни мана шундай соғлом муҳитда, эзгу тушунчаларни юракларига жойлаб вояга етказайликки, ҳеч қанақа ташқи салбий хуружлар ва қора иллатлар қопқони уларни ўзига жалб қила олмасин.

Гиёҳвандлик кўчасига кириб қолиш кишиларда турли хилда кечади. Баъзилар тўқликка шўхлик қилса, бошқалар ўзи билмаган ҳолда алдовлар натижасида унинг қурбонига айланади. Ушбу иллатга ружу қўйганларнинг, айниқса, ёшларнинг бу ажал гирдобига тушиб қолишида кўпинча оиладаги муҳит ёки беетиборлик сабаб бўлади. Ёшларнинг бўш вақтини бекор ўтказиши, ота-оналарнинг фарзандини ҳаддан ташқари эркалатиши ва улар тарбиясига бепарволиги юқорида келтирилган салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Фарзанднинг соғ-саломат дунёга келиши, униб-ўсиши, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши, энг аввало, оила бошлиқларига боғлиқ. Бу борада меҳрибон ота-оналар зиммасига катта масъулият юкланади.

Демак, “оғуфурушлик” деб аталувчи гиёҳвандликнинг олдини олиш, унга қарши курашишга фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, балки жамиятдаги ҳар бир инсон масъул.

Related Articles

Back to top button