O`zbekiston

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январдаги “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунига киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар

Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 16 январдаги ЎРҚ-897-сонли Қонунига асосан “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддаси 11-банд билан тўлдирилди.

Унга кўра жисмоний шахслар — ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судга мурожаат қилганда давлат божи тўлашдан озод қилинди.

Шунингдек, давлат божи тўлашдан озод қилинган жисмоний шахснинг  талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилиши белгилаб қўйилган.

Яъни, давлат божи тўлашдан озод қилинган шахснинг аризасини суд қаноатлантиришни рад этган тақдирда, давлат божи шу шахсдан ундириб олинади.

Бундан ташқари, ушбу қонун билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалар (шикоятлар) бўйича фуқаролардан ундириладиган давлат божи миқдори ҳам камайтирилиб, олдин аризадаги ҳар бир талаб бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида давлат божи ундирилган бўлса, эндиликда базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи этиб белгиланди.

Бу имтиёз Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодекси 27-моддаси 1-қисми 2-бандида кўрсатилган идораларга нисбатан талаблар тақдим этилганда  ва фақат жисмоний шахсларга нисбатан татбиқ этилган.

 

Термиз туманлараро маъмурий

судининг девонхона мудири  А.Мелиқулов

Related Articles

Back to top button