Ёшлар учун янги имкониятлар белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 апрель куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 19 миллиондан ортиқ ёки аҳолининг 55 фоизини ташкил қилади. Меҳнат бозорига ҳар йили 600 минг ёшлар кириб келаётган бўлса, келгуси 10 йилда бу рақам 1 миллионга етади.
Шу боис ёшларга сифатли таълим бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ишларни маҳаллада ташкил этиш бўйича вертикал бошқарув тизими яратилди. 9 минг 500 та маҳаллага фидойи ва ташаббускор ёшлар етакчилари тайинланди. Бу тизим орқали ёшларга 100 дан ортиқ имкониятлар яратилди, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш йўлга қўйилди.
Мисол учун, ўтган йилнинг ўзида ёшлар тадбиркорлиги учун 4 триллион сўм кредит берилиб, 150 мингта лойиҳа ишга туширилган, 325 мингта иш ўрни яратилган. 43 минг гектар экин майдони ажратилиб, 435 минг ёшлар бандлиги таъминланган. 32 мингдан зиёд ёшларга субсидия орқали асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари ва компьютер олиб берилган.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам кўп ишлар қилинмоқда. Жумладан, ўтган йили 130 минг талабага 1 триллион 700 миллиард сўм таълим кредити берилди, хотин-қизларнинг магистратурада ўқиши бепул бўлди. 53 минг нафар эҳтиёжманд талабага контракт пуллари, 15 мингдан зиёд ёшларга ҳарбий хизмат ва 13 минг нафарига чет тиллари бўйича имтиҳон харажатлари тўлаб берилди. 81 минг талабага уй-жой ижараси тўлови ажратилди. “Ёшлар дафтари” орқали 300 минг ёшларга қарийб 600 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди.
Лекин бу борада долзарб масалалар ҳали ҳам кўп. Бугунги кунда юртимизда 722 минг нафар расман ишсиз ёшлар бор.
Бу соҳадаги ишларни янада аниқ ва манзилли ташкил этиш мақсадида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 9 миллион нафар ўғил-қиз алоҳида эътиборга олинди. Бунда биринчи марта 25 та вазирлик ва идора маълумотлари ўзаро уйғунлашган электрон базага жамланди. Барча ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, “маҳалладан вазирликкача” тизимида ишлаш чоралари белгилаб олинган.
Йиғилишда, аввало, ишсиз, норасмий секторда банд бўлган ва чет элга ишлагани кетган ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари бу борада кўплаб янги ташаббусларни илгари сурди.
Хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш учун, аввало, ишга қабул қилиш тизимини қайта кўриб чиқиш кераклиги таъкидланди.
Мисол учун, ҳозирда 103 мингдан ортиқ ташкилотларда 254 минг бўш иш ўрни бор. Лекин, ўтган йили олий таълимни битирган 6 мингдан ортиқ, коллеж ва техникумни тамомлаган 30 минг нафар йигит-қиз иш топа олмаган.
Шу боис энди ҳар бир вазирлик ўз тармоғидаги касбларга малака талабини ўзи белгилайди. Шунингдек, вазирликлар олий ва ўрта махсус таълимга буюртма берибгина қолмай, уларнинг ўқув дастурларини бирга ишлаб чиқади.
Маълумки, 2021 йилда 25 ёшгача бўлган ёшларни ишга олган корхоналарга ижтимоий солиқни қайтариб бериш амалиёти жорий қилинган эди. Ўтган даврда бундан 9 мингдан зиёд корхона фойдаланди ҳамда 100 минг ёшлар бандлиги таъминланди. Давлатимиз раҳбари бу ижобий тажриба муддатини яна икки йилга узайтириш бўйича кўрсатма берди.
“Янги Ўзбекистон ёшлари ташаббуслари” жамғармаси ва электрон платформаси ташкил қилиниши белгиланди. Жамғармага 100 миллион доллар йўналтирилиб, бу маблағлар иқтидорли ёшларнинг энг яхши ғоя, стартап ва лойиҳаларига қулай ва енгил шартларда, зарур бўлса фоизсиз ажратилади.
IT-парклар бўйича тажрибадан келиб чиқиб, ҳудудларда “Креатив парк”лар ҳам ташкил этилади. Уларга IT-парк резидентларига берилган имтиёз ва енгилликлар қўлланади.
“Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳам кўпроқ касб ўргатишга, бандликни таъминлашга хизмат қилиши кераклиги таъкидланди. Шу боис энди бу жамғарма орқали турдош хизматлардан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш имконияти яратилиши белгиланди.
Давлат кўмагига муҳтож ёшлар ҳар бир вазир ва унинг ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, ректорлар, Миллий гвардия ва ҳарбий қисм командирларига номма-ном бириктирилди. Улар ўз ҳимоясидаги ўғил-қизларнинг касб-ҳунар ўрганишига, кредит, субсидия ва кафиллик олиш орқали бандлигига кўмаклашади.
Йиғилишда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Яқинда 100 мингдан ортиқ ёшлар ўртасида ўтказилган сўровномада улар маҳалласида спорт билан шуғулланишга шароит ҳамда кўнгилочар масканлар етишмаслигини билдирган.
Шу боис, биринчи босқичда вилоят марказларида, кейинчалик туманларда кечаю кундуз ишлайдиган ёшлар сайилгоҳлари ташкил этиш вазифаси қўйилди. Уларда спорт, киберспорт ва интеллектуал ўйинлар, китобхонлик, караоке учун шароитлар кўзда тутилади. Шунингдек, ҳар бир туманда “Ёшлар сайли” ва ижод кўчалари, олий ўқув юртларида спорт лигалари, коворкинг ва театр студиялари ташкил қилинади.
Бугунги кунда 1,5 миллион ёшлар бўш вақтини чет тили ўрганишга бағишламоқда. Уларнинг бу интилишлари рағбатлантирилиб, хусусий марказларда тил ўрганиш харажатларига субсидиялар ажратилади.
Мактабларда тўгаракларни жиҳозлаш ва мураббийларни қўллаб-қувватлаш, “Баркамол авлод” болалар марказлари самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар берилди. Ёшлар ўртасида “Касб-ҳунар олимпиадалари” ташкил қилиниши айтилди.
Бугунги глобаллашув даврида ёшлар тарбияси ва онгига таҳдидлар тобора кучаймоқда. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний “Ҳар бир миллатнинг саодати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир” дея таъкидлаган.
Лекин маънавий тарғиботнинг қамрови ва таъсирчанлиги пастлиги, ёшларнинг қизиқишлари инобатга олинмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Шу боис Маънавият ва маърифат маркази фаолиятини такомиллаштириш, ёшларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиб, уларга соғлом фикр берадиган манбаларни кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.
Умуман, бу соҳадаги давлат сиёсатини самарали ташкил этишга қаратилган “Янги Ўзбекистон ёшлари” дастурини ишлаб чиқиш, қонунчиликни ўзгартириш вазифалари белгиланди.
Президентимиз ёшлар билан ишлаш барча раҳбарларнинг, кенг жамоатчиликнинг, бутун жамиятимизнинг энг устувор вазифаси эканини таъкидлади.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вазирлар ва ҳокимларнинг ахбороти эшитилди.