Bu qiziq

ЭР ВА ХОТИННИНГ УМУМИЙ МОЛ-МУЛКИ ҲАМДА УНИ БЎЛИШ ТАРТИБИ

Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси эр ва хотиннинг умумий мулкка қонун ёки шартнома орқали эга бўлишнинг икки тартибини белгилайди.

Шунга кўра, Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Эр-хотинларнинг мулкий ҳуқуқий муносабатларида мулкларнинг орттирган вақти ва манбалари катта аҳамият касб этади.

Барча ҳуқуқий тизимларда эр-хотиннинг мулклари уларнинг никоҳ қайд этилгунга қадар ва никоҳ давомида орттирган мол-мулкларига ажратилади.

Эр ва хотин ўртасидаги умумий мулкни бўлиш Эр-хотиннинг умумий мулкини бўлиш, одатда, улар никоҳдан ажратилганда вужудга келади. Уларнинг умумий мулкини бўлиш никоҳ даврида ҳам амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 27-моддасига мувофиқ, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам, шунингдек, кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин.

Одатда амалиётда кўпинча эр ва хотиннинг умумий мол-мулки эр ва хотин ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олинади. Шунингдек эр ва хотин ўзаро хоҳишларига кўра уларнинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги келишувлари нотариал тартибда тасдиқланиши ҳам мумкин.

Эр ва хотин ўртасида мол-мулкни бўлиш тўрисида низо туғилган ҳолларда умумий мол-мулкини бўлиш, шунингдек эр-хотиннинг мол-мулкдаги улушларини аниқлаш суд тартибида амалга оширилади.

Эр-хотиннинг мол мулкини бўлишда вояга етмаган болалар эҳтиёжини қондириш учун олинган буюмлар (кийим-бош, пойабзал, мактаб ва спорт жиҳозлари, мусиқа асбоблари, болалар кутубхонаси ва бошқалар) бўлинмайди ҳамда фарзандлар эр ва хотиндан қайси бири билан яшаса, унга компенсациясиз берилади.

Бундан ташқари, вояга етмаган болалар номига қўйилган омонатлар ўша болаларга тегишли ҳисобланиб, эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш пайтида эътиборга олинмайди.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки улар никоҳда турган даврда бўлинган тақдирда, эр ва хотин мол-мулкининг бўлинмай қолган қисми, шунингдек эр ва хотин томонидан улар никоҳда турган даврда орттирилган мол-мулк кейинчалик уларнинг биргаликдаги умумий мулкини ташкил қилади.

Қонунчиликда эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш борасида уч йиллик даъво муддати назарда тутилган.

Никоҳдан ажралган собиқ эр ёки хотин уч йиллик даъво муддати давомида умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги даъво талабибилан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Бахтиёр Мустафаев

Фуқаролик ишлари бўйича

Денов туманлараро суди судьяси

Related Articles

Back to top button