Bu qiziq

Ошиб бораётган жиноятлар хусусида

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, Жиноят кодексида ўғирлик жинояти учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган.

Бироқ, ўзганинг мулкини ўғирлик йўли билан қўлга киритишни ўзига касб қилиб олганлар ҳам орамизда учрамоқда.

Хусусан, Термиз туманида яшовчи муқаддам судланган фуқаро Даврон (исми ўзгартирилган) 2024 йил 3 июнь куни соат 02:30ларда Термиз шаҳрида жойлашган озиқ-овқат дўконига яширин равишда кириб, эшик қулфини отвёртка ёрдамида бузган ҳолда, у ерда бўлган 13 дона флеш, 6 дона 18+ энергетик ичимлиги, 12 дона адреналин энергетик ичимлиги, 5 қути сигарет, 1 қути чипс маҳсулотларни ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган.

Бундан ташқари, Даврон ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, 2024 йил 4 июнь куни соат 02:30лар оралиғида Термиз шаҳрида жойлашган фуқаро озиқ-овқат дўконидан 15 дона “Горилла” номли энергетик ичимлиги, 29 қути сигарет ва 737 сўм пулларни яширин равишда талон-торож қилиб чиқаётган вақтида вилоят ИИБ ЖХХ ППХ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ҳодиса содир бўлган жойда ушланган.

Суд ҳукми билан Давронга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди билан иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, ЖКнинг 25,169-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб 2 йил 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, ЖКнинг 59,61-моддалари тартибида узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида мазкур иш кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини эслатиш ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

М.Маликов

Related Articles

Back to top button